Ўзбекистон | 09:15 / 10.03.2021
5465
2 дақиқада ўқилади

Вақтинча сақлаш ҳибсхоналари ички тартиб-қоидаларига ўзгартириш киритилади

Ички ишлар вазирининг “Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари вақтинча сақлаш ҳибсхоналарининг ички тартиб-қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги буйруғи лойиҳаси эълон қилинди.

Ички ишлар органлари вақтинча сақлаш ҳибсхоналари ички тартиб-қоидаларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, суд, прокурор, ҳимоячи ёки вақтинча сақлаш ҳибсхоналарини текшириш ҳуқуқига эга бўлган давлат органлари номига, шунингдек жиноят ишини юритаётган мансабдор шахсга ёки органга йўлланган ариза, таклиф ва шикоятлар цензурадан ўтказилмайди ҳамда берилган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмай муҳрланган тарзда олувчиларга юборилади ёки топширилади, телеграммалар эса дарҳол юборилади.

Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг ва президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг номига юборилган шикоятлар муассаса маъмурияти томонидан кўздан кечирилиши мумкин эмас ҳамда олувчига йигирма тўрт соатдан кечиктирмай юборилади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) ва президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг жавоби муассаса маъмурияти томонидан кўздан кечирилиши мумкин эмас ва аризачига дарҳол етказиб берилади.

Шунингдек, терговга қадар текширувни амалга оширувчи орган мансабдор шахси, суриштирувчи ёки терговчи ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятлар берилган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмай вақтинча сақлаш ҳибсхонаси бошлиғи ёки унинг ўрнини босувчи шахс томонидан терговга қадар текширувни амалга оширувчи органга, суриштирув органига, тергов органи бошлиғига ёхуд прокурорга, прокурор ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятлар эса юқори турувчи прокурорга юборилади ёки топширилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид