13:31 / 15.03.2021
66175

Жиззахдаги ҳакамлик ва «Турон» бош мураббийининг «портлаши». Сабаб ва оқибатлар

Фото: Видеодан кадр

«Насаф» ва «Пахтакор» ўртасидаги ҳар қандай турнирни безаши мумкин бўлган ажойиб учрашувдан бошланган чемпионатимиз, 2-турда жанжал билан давом этди. «Сўғдиёна» – «Турон» ўртасидаги баҳсда ҳакам ноҳақ пенальти белгилади ва бу учрашув тақдирини ҳал қилди. Ўйиндан кейин эса меҳмонлар бош мураббийи Ислом Исмоилов ўзини тутиб тура олмади, жамоаси иштирок этган ўйиндаги ҳакамликлар ҳақидаги фикрларини очиқ, дадил ва бироз қўпол тарзда баён қилди. Албатта, бунинг давоми бўлади.

Энг аҳамиятли нуқта шу – бу воқеанинг давоми ва оқибатлари. Ҳакамларнинг қўпол хатолари бутун дунёда, ҳатто VAR ёрдами билан ҳам содир бўлмоқда, ҳатто Лигалар ўйиндан кейин бу хатоларни тан олган ҳолатлар бор. Мураббийларнинг қуюшқондан чиқишлари, нотўғри сўзлар ишлатишлари ҳам бўлиб туради, одатда мураббийлар бир неча ўйинга дисквалификация ва жарима билан қутуладилар.

«Сўғдиёна» – «Турон» учрашуви ва ундан кейинги ҳолатларга баҳо бериш қай тариқа амалга оширилади ва унинг оқибатлари учун ПФЛ жавобгар бўла оладими, барча масала шунда. Нима демоқчиман?

Биринчи воқеа – ҳакамнинг қўпол хатоси. Иккинчи воқеа – Исмоиловнинг ўйиндан кейинги фикрлари.

Ҳакамнинг хатоси атайлаб ёки техник инсоний фактор, яъни шунчаки, вазиятни кўрмай қолгани туфайли рўй бериши мумкин. Шахсий фикримча, ҳакам худди пенальти беришни жуда истагандек, шошилинч тарзда, худди тўп қўлга текканини аниқ-тиниқ кўргандек қарор чиқаргани бироз ғалати бўлди. Аммо бу менинг фикрим, ПФЛ бу вазият бўйича ҳакамнинг ҳисоботини ва ҳакамлар қўмитасининг таҳлилини тинглаши керак. Ҳар қандай ҳолатда ҳам бу тарздаги қўпол хатолар камида ҳакамнинг етарлича малакали эмаслигини кўрсатади. Бу тушунарли.

Энди Исмоиловнинг гапларига келамиз. Мураббий анча эмоционал ҳолатда бўлганини ҳам эътиборга оламиз, лекин у ҳакамнинг малакаси ҳақида эмас, атайлаб пенальти белгилаганини иддао қилди, «ўйин давомида вазият пойлади», «пул бермаганимиз учун калламизни олишди» қабилидаги сўзларни ишлатди. Бу жуда жиддий айблов ва шундай қолмаслиги керак. ПФЛми, Этика қўмитасими, Тартиб-интизом қўмитасими, ким бўлсаям, Исмоиловдан изоҳ талаб қилиши керак?

Хўш, мураббий жаҳл устида ҳакамни коррупцияда айбладими? Ёки ростан ҳам парда орқасида нимадирлар рўй берганми? Айтилган фикрлар борасида мураббийнинг ва клубнинг расмий шикояти ёки фикри олиниши ва шу асосда вазият тўлиқ ва холис ўрганилиши керак.

Агар Исмоиловнинг фикрлари шунчаки, ҳакамнинг хатоси туфайли тахминлар ва жаҳл устида айтилган бўлса, табиийки, мураббий жазоланиши шарт. Агар мураббий ўз айбловларини асослаб бера олса, у ҳолда ҳакамлар, уларни бу ишга ундаган мотивлар, рақиб «Сўғдиёна»нинг қай даражада алоқадорлиги ўрганилиши лозим бўлади.

Яъни вазият шунчаки, томонларни рози қилиш, ҳакамни шунчаки, бир муддатга четлатиш билангина якунланиши футболимиз имижига салбий таъсир қилади. Ҳали ПФЛнинг расмий муносабати қандай бўлади, билмайман, шунчаки, ташкилот раҳбари Диёр Имомхўжаевнинг ўз телеграм-каналида билдирган фикрлари охирги гап бўлмаслигига умид қиламан.

«Кейинги сафаримиз биринчи галда Яйпанга бўлади. Боиси «Турон» бугун ҳакамликдан азият чеккан бўлса, бир неча ойдан буён солиқ органлари сабаб азият чекмоқда. Бу кетишда мисқоллаб йиғаётган хусусий клубларимизни ҳам йўқотиб қўйишимиз мумкин.

Биз бир йил аввал ўхшаш мавзу юзасидан «Турон» билан биргаликда судда ёнма-ён иштирок этгандик. Бундан кейин ҳам «Турон», «Андижон», «Янгиер», «Истиқлол» каби клубларни қўлимиздан келганча ҳимоя қиламиз. Айнан шундай клублар футболимиз эртасини белгилаб бериши мумкин.

«Турон» катта футбол учун катта чиқим қилди. Унинг бошқарувида бу каби муаммоларга тайёр инсонлар бор. Биз шундай муаммолардан кейин қўл силтаб кетишимиз эмас, уларга қарши бирга курашишимиз кераклигини улар яхши тушуниб туришибди», – деб ёзди Диёр Имомхўжаев.

Табиийки, бу фикрлар бўлиб ўтган воқеани, картинани тўлиқ изоҳламайди. «Турон»нинг ҳакамлардан азият чекканига (атайлабми ёки атайлабмас?) солиқ органлари билан боғлиқ муаммоларнинг ёки ПФЛ уларни алоҳида ҳурмат қилишининг алоқаси йўқ. Умуман «Турон»нинг хусусий клуб экани яхши, келажакда бундай клублар кўп бўлиши ҳам айни муддао, аммо баҳо беришда, турнирда ва майдонда уларга нисбатан алоҳида муносабат бўлиши ҳам ноўрин. ПФЛ учун лигаларда қатнашаётган клубларнинг барчаси тенг.

Яъни шахсан мен, ПФЛ директоридан «Турон»га жабрланувчи эмас, айбдор сифатида, яъни бош мураббийи шунча қаттиқ айбловларни айтган клубга қарагандек муносабатни кутгандим. Бу ҳолатда эса табиийки, менда, демак, «мураббий ҳақ экан-да», деган фикр пайдо бўляпти. Мураббий ҳақ эдими? Бу савол жавоб берилмагунча янграйвериши керак!

Жиззахдаги воқеадан эса қуйидаги хулосаларни олиш мумкин.

Биринчидан, ҳакамлик сифати, ҳакамларнинг малакаси ҳамон оғриқли нуқта бўлиб қолмоқда. Ўтган мавсум охирида бир қатор таниқли ҳакамларимизнинг келишилган учрашувларда айбланиб, четлатилганини ҳам эътиборга олсак, гап фақат малакада эмас, ҳамон келишилган ўйинлар, коррупция давом этяптими, деган савол яна очиқ қоляпти. Табиийки, Суперлига имижи учун жуда хунук ҳолат.

Иккинчидан, Европада Исмоилов айтган гапларнинг ўндан бирини тилга олган ҳар қандай мураббий қаттиқ жазоланади. Аммо бошқа тарафдан, улар холис ҳакамлик, уларнинг малакаси ва техник шароитлар борасида ҳаммасини бажариб қўйишганки, мураббийларда норози бўлишга сабаблар жуда кам бўлади. Бу борада қатъийлик қилишга эртадир, билмадим, лекин бу тарздаги баёнотлар шунчаки қолиб кетмаслиги керак. Мураббийлар ўзларини боса олишлари, асосли гапиришлари ёки гапларига асос келтиришлари керак. ПФЛ айтилган фикрларни бости-бости қилиши эмас, айтилмаган фикрларни чиқариш учун ҳаракат қилиши керак. Табиийки, Ислом Исмоилов Тартиб-интизом қўмитасига чақирилиши шарт.

Учинчидан, VAR масаласи. ПФЛ ушбу мавсумдан видеотакрорларни жорий қилишни бошлаяпти ва ҳозирча ҳамма учрашувларни қамраб олиш имконсиз. Ҳар турда 2-3 ўйинда ҳакамлик VAR ёрдамида ташкил қилиниши йўлида ишлар олиб бориляпти экан. Бу яхши. Ҳакамлар биринчи навбатда, бирор вазиятни кўрмай қолиб, қўпол хатолар натижасида маломатларга қолиб кетишдан қутуладилар. Ёки атайлаб бирор жамоанинг «қулоғидан тортиб», «кўрмай қолибман» деб қутулиб қолиш имкониятидан ҳам маҳрум бўладилар.

Билишимча, VAR ишлайдиган ўйинлар ПФЛ томонидан танланади ва улар энг марказий деб топган ўйинларда ҳакамлар видеотакрорлар билан ишлайдилар. Таклифим шуки, марказий ўйинлар олдиндан белгиланмаслиги лозим. Ҳар тур олдидан ҳамма жамоа тенг олинадиган қандайдир қуръа ёки бирор тизим ёрдамида VAR ишлайдиган стадионлар аниқланиб борилиши мақсадга мувофиқроқ бўларди. Ёки ҳар бир клуб тенг фойдаланадиган шаклда, яъни якунда, ҳар бир жамоада VAR ишлаган ўйинлар сони тенг бўладиган шаклда тақвим ишлаб чиқилиб, барча клубларнинг розилиги олиниши лозим. Шундагина ортиқча гап-сўзларга ҳам ўрин қолмайди.

Қаҳрамон Асланов

Top