Жаҳон | 13:57 / 16.03.2021
20216
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон пойтахтида 18 мартдан карантин қоидалари кучайтирилади

Жорий йилнинг 15 март, душанба куни Нур-Султон шаҳри бош давлат санитария шифокори Сарҳат Бейсенова Қозоғистон пойтахтида чеклов ва карантин чораларини кучайтириш тўғрисида янги қарор имзолади.

Tengrinews.kz хабарига кўра, Қозоғистон пойтахти аҳолиси ва меҳмонларига қатор талабларга риоя қилишни давом эттириш мажбурияти юкланди.

Хусусан, оммавий тадбирлар, шу жумладан уйда оилавий тадбирларни (зиёфат, тўй, юбилей, маросим ва бошқаларни) ўтказиш ҳамда уларда иштирок этиш, шунингдек байрам корпоратив тадбирларни, митинглар, йиғилишларни ташкил этиш ва ўтказиш тақиқланди. 

Бундан ташқари, фаолияти тикланмаган объектлар (боулинг марказлари, компьютер клублари, кинотеатрлар, бильярдхоналар, караоке, батутлар, тунги клублар, букмекерлик идоралари, ўйин майдончалари)га ташриф буюриш ман этилди.

Шунингдек, Ashyq пилот лойиҳасида иштирок этадиган тадбиркорлик объектларига кириш учун App Store ва Play Market’да юклаб олиш мумкин бўлган Ashyq мобил иловасидан фойдаланиш лозим.

Жамоат жойлари, шу жумладан шаҳар жамоат транспорти ва фаолиятига рухсат берилган объектларга ташриф буюрганда, шунингдек очиқ ҳавода жойлашган жамоат жойларида бўлганда (5 ёшгача бўлган болалар ва очиқ ҳавода спорт билан шуғулланиш бундан мустасно) ниқоб тақиш, масофа сақлаш ва антисептиклардан фойдаланишга қўйиладиган талабларга қатъий риоя этиш шарт бўлади.

Қарор 2021 йил 18 март соат 00:00дан кучга киради. Ҳужжатнинг тўлиқ матни Нур-Султон ҳокимлиги сайтида эълон қилинган. 

Аввалроқ, Ўзбекистонда кунлик касалланиш ҳолатлари орта бошлагани, Тошкент шаҳри ҳокими махсус йиғилиш ўтказгани хабар берилганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид