Ўзбекистон | 08:05 / 18.03.2021
8720
2 дақиқада ўқилади

Ўқитувчилар узлуксиз малака оширади

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Профессионал таълим муассасаларининг бошқарув ҳамда педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш жараёнини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Norma’нинг ёзишича, низом «Ҳаёт давомида таълим олиш» тамойили асосида бошқарув ҳамда педагог кадрлар узлуксиз малакасини ошириш тартибини белгилайди.

Таълим мақсади, вазифалари, мазмунидан келиб чиққан ҳолда ўқув жараёнини ташкил қилиш, бошқарув ва педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва узлуксиз малакасини ошириш учун таълим дастурларини инновацион ёндашувлар асосида доимий янгилаб бориш амалга оширилади.

Бундан ташқари, ишлаб чиқариш таълими усталари учун улар касбий эҳтиёжларини қондиришга йўналтирилган малака ошириш шаклларини мустақил танлаш ва ўзлаштириш имконияти яратилади.

Қайта тайёрлаш ва малака ошириш ўқув режасига мувофиқ, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Педагогик инновациялар, касб-ҳунар таълими бошқарув ҳамда педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва улар малакасини ошириш институти ҳамда унинг ҳудудий қайта тайёрлаш ва малака ошириш факултетларидаги амалиёт машғулотлари тегишли ташкилотларда ўтказилиши мумкин.

Малака ошириш қуйидаги шаклларни ўз ичига олади:

  • мустақил малака ошириш;
  • муқобил малака ошириш;
  • институт ёки факултетларда бевосита ўқиш.

2021 йил 1 мартдан бошлаб институт бошқарма ва бўлимларида фаолият кўрсатаётган услубчи ва дастурчи-муҳандис штат бирликлари негизида бош мутахассис ва етакчи мутахассис штат бирликлари жорий этилади ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари бўйича институт бошқарма бошлиқлари, бўлим бошлиқлари, бош мутахассис, етакчи мутахассислар лавозим маошларини белгилашда мос равишда профессионал таълим муассасалари бош ўқитувчилари базавий тариф ставкалари тегишлича 2, 1,8, 1,5 ва 1,2 баравар миқдорларда қўлланилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид