11:14 / 19.03.2021
10280

Косонсойда фермер хўжалиги ишчилари маҳаллий аҳоли томонидан калтакланди  

2021 йилнинг 17 март куни соат 12:30ларда 24 ёшли Тоҳир Б., 34 ёшли Маҳмуд О. Наманган вилояти Косонсой тумани “Ўзбекистон” МФЙ ҳудудида жойлашган боғдорчиликка асосланган фермер хўжалигига келган.

Фото: Тергов департаменти

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, улар ушбу хўжалик директори, 55 ёшли Камол М. ҳамда ишчилари, 26 ёшли Муроджон Р., 34 ёшли Сардор Қ., 47 ёшли Алишер Х., 28 ёшли Жаҳонгир Х., 39 ёшли Араббой Т.ни ҳеч бир сабабсиз уриб, уларга турли даражада тан жароҳати етказиб, фермер хўжалиги ишчиларига тегишли бўлган “Nexia-3”, “Niva”, “Hyundai”, “Merсedes-benz” русумли автомашиналар, “Samsung” русумли экскаватор, фермер хўжалиги дала шийпони ойналарини тош билан уриб синдирган.

Мазкур ҳолат юзасидан Косонсой туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Тоҳир Б. ва Маҳмуд О.га нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “г” банди (Безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида, ушбу фермер хўжалиги директори Камол М.нинг олдига “Ўзбекистон” МФЙ.да яшовчи фуқаролар Дилфуза У. ва унинг синглиси Нигора У. келиб, гўёки маҳалладаги ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олаётганини рўкач қилиб, у билан низолашгани ва бу ҳақда “Ўзбекистон” МФЙда яшовчи бошқа фуқароларга бориб айтиб, ўзлари билан 50-60 нафар аёл ва эркакларни фермер хўжалиги ер майдонига бошлаб келиши натижасида ушбу жиноят содир этилгани аниқланган.

Жиноят иши доирасида барча фуқароларнинг шахси аниқланиб, улар хатти-ҳаракатига қонуний баҳо берилиши таъминланади, дейилади хабарда.

Top