Жамият | 13:44 / 21.03.2021
39326
2 дақиқада ўқилади

Марҳаматнинг ярим килограммлик «чинни сомса»лари қандай тайёрланади — видео

Андижоннинг Марҳаматига келган меҳмонлар машҳур «чинни сомса»ни тановул қилмасдан ортга қайтмайди. Сомсанинг тайёрланиш жараёни билан танишиш ва у нега шундай аталишини билиш мақсадида Марҳаматга йўл олдик.

Сомсани тайёрлаш жараёни ҳали хўроз қичқирмасдан, тонг саҳарлаб бошланар экан. Дастлаб, масаллиқлари тайёрланади, хамир қорилади.

Сомсаларнинг турлари уларга қўшиладиган масаллиқларга қараб ажратилади. Одатда, пиёз, гўшт ва ёғ қўшилади. Масаллиқлар тарозида тортилиб тақсимланади. Энг катта сомсага ярим клограмм тайёр масаллиқ тортиб солинади.

Сомсалар тайёр бўлгунча, тандир қиздириб олинади. Бир тандирга ўртача 250-300та сомса сиғади. Бир соат давомида қиздирилган тандирга бирин-кетин сомсалар ёпила бошланди.

Суҳбат давомида сомсапазлардан нима учун «чинни сомса» деб аталиши ҳақида сўрадик. «Сомсанинг катталиги ва чинни косага солиб берилиши туфайли халқ орасида шундай ном қозонган», — дейди Абдумухтор Жумабоев.

Ушбу миллий пишириқнинг ўзига хос хусусиятларидан бири — уни ҳар қандай тандирга ёпиб бўлмайди. Негаки, бошқа тандирларда ярим кило тош босувчи сомса ёпишмайди ёки тандирдан узилиб тушиб кетади.

Тайёр бўлган сомсалар эса 7 минг сўмдан 21 минг сўмгача сотилади. Марҳаматга келсангиз, сиз ҳам албатта бир донаси қоринни тўйдирадиган «чинни сомса»дан татиб кўринг.

Абдували Қурбонов, Kun.uz мухбири

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид