Ўзбекистон | 14:36 / 22.03.2021
20487
10 дақиқада ўқилади

1 июлдан бошлаб қурилиш соҳасида янги назорат механизмлари жорий этилади

Президентнинг “Қурилиш жараёни иштирокчиларининг масъулияти ва жавобгарлигини ошириш, қурилиш соҳасида назоратни кучайтириш ва сифатини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони лойиҳаси эълон қилинди.

2021 йил 1 июлдан бошлаб қурилиш соҳасида янги назорат механизмлари жорий этилади. Улар:

1) Қурилиш субъектлари фаолиятини назорат қилишда қуйидагиларга рухсат берилади:

а) Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси молиялаштириш манбаидан қатъий назар қурилиш-монтаж ишларини бошлаш ҳақида хабар бермасдан қурилишни амалга ошираётган тадбиркорлик субъектларини «хавфни таҳлил этиш» тизими натижалари асосида молия-хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни олдиндан хабардор қилиш орқали бир кунлик муддатда текшириш ўтказиш ҳуқуқи берилади;

б) Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекциясига давлат бюджети маблағлари ҳисобига ёки давлат буюртмаси бўйича амалга оширилаётган автомобил йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш, шунингдек, автомобил йўл қопламасини қазиш ва қайта тиклаш ишларини амалга ошираётган тадбиркорлик субъектлари молия-хўжалик фаолиятига аралашмасдан ваколатли органни олдиндан хабардор қилган ҳолда бир кунлик муддатда текшириш ўтказиш ҳуқуқи берилади;

в) Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича Давлат техник инспекторларига қурилиш объектларида, шу жумладан, автомобил йўлларида қурилиш ишларини амалга ошираётган тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятига аралашмасдан ваколатли органни олдиндан хабардор қилган ҳолда бир кунлик муддатда текшириш ўтказиш ҳуқуқи берилади;

ушбу банднинг «а», «б», «в» хатбошиларида назарда тутилган ҳар назорат тадбири буйруқ асосида амалга оширилиши, назорат тадбири якуни бўйича далолатнома расмийлаштирилиши ва нусхаси тадбиркорлик субъектларига ҳамда буюртмачига (агар мавжуд бўлса) тақдим этилиши, текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказилиши шарт.

2) Қурилиш объектлари сифатини қуйидаги тартибда назорат қилиб бориш механизми йўлга қўйилади:

а) икки қаватдан юқори (цоколни ҳисобга олмаган ҳолда), баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган бино ва иншоотлар қурилишларини амалга оширишда унинг ҳар бир босқичини назорат қилиб бориш, ҳар бир босқичда қурилиш ишлари якунлангандан сўнг қурилиш қоидалари ва талабларига риоя қилинганини текшириш амалиёти йўлга қўйилади.

Бунда, инспекция қурилиш ишларининг кейинги босқичини давом эттириш бўйича 3 кунлик муддатда хулоса бериши лозим. Шунингдек, қурилиш объектларининг хавф-хатар тоифаси бўйича I, II, III тоифага мансуб объектларда лойиҳа ташаббускори ва/ёки буюртмачи хоҳишига кўра аккредитациядан ўтган тадбиркорлик субъектларини жалб қилган ҳолда амалга оширишга рухсат берилади.

Буюртмачи томонидан Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) ёки давлат хизматлари марказлари орқали қурилиш ҳар бир босқичи (қавати) якунланган сўнг инспекцияга хабарнома юборилади. Хабарнома келиб тушгандан сўнг инспекция уч кунлик муддатда назорат тадбирини амалга оширмаса ва назорат тадбири ўтказилгани тўғрисида далолатнома нусхасини буюртмачига бермаса, буюртмачи аккредитациядан ўтган тадбиркорлик субъектини жалб қилган ҳолда қурилиш объектида назорат тадбирини амалга оширишга ҳақли.

Инспекция ходими уч кунлик муддатда келмаган тақдирда буюртмачи қурилишнинг кейинги барча босқичлари бўйича аккредитациядан ўтган тадбиркорлик субъектларини жалб қилган ҳолда назоратни амалга оширишига рухсат берилади.

Аккредитациядан ўтган тадбиркорлик субъектини жалб қилиш билан боғлиқ барча харажатлар ўзаро келишувга кўра лойиҳа ташаббускори ёки буюртмачи томонидан қопланади.

Аккредитациядан ўтган тадбиркорлик субъектининг далолатномаси инспекция далолатномасига тенглаштирилади ҳамда бино-иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш учун асос ҳисобланади.

Инспекция ходими буюртмачи, лойиҳачи ва/ёки пудратчиларга объектда аниқланган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш бўйича ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар киритади.

Инспекция томонидан қурилишни амалга оширишда аниқланган барча камчиликлар буюртмачи, лойиҳачи ва пудратчи томонидан тўлиқ бартараф этилиши лозим.

Ёзма кўрсатмада белгиланган талаблар бажарилмаган тақдирда инспекция томонидан ушбу объект(лар)да қурилиш-монтаж ишларини тўхтатиб қўйиш ва демонтаж ишларини амалга ошириш тўғрисида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиш ҳуқуқи берилади. Инспекция мазкур турдаги даъво аризаларни судларга киритишда давлат божидан озод қилинади;

б) буюртмачи техник назорати, лойиҳа ташкилотининг муаллифлик назорати, пудрат ташкилотининг ички назоратидан ҳамда инспекция назоратидан норози бўлган тақдирда, буюртмачига ушбу ҳаракатлар бўйича судга даъво аризаси билан мурожаат қилиш ҳуқуқи берилади;

в) буюртмачига ёки қурилишни амалга ошираётган юридик шахсга инспекция ходими томонидан ўтказилган назорат тадбиридан норози бўлганда (инспекция ходими томонидан қурилишни амалга ошириш билан боғлиқ нотўғри талаблар қўйилган деб ҳисобланганда), мустақил равишда аккредитациядан ўтган тадбиркорлик субъектини жалб қилиш ва инспекция ходими томонидан ўтказилган назорат тадбирларини қайта текширтириш ҳуқуқи берилади.

Назорат ишлари давомида инспекция ходими томонидан аниқланган хато ва камчиликлар ўртасида тафовут/номувофиқликлар аниқланса, буюртмачи ёки қурилишни амалга ошираётган юридик шахс судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

3) Қурилиш объектларини зилзилага бардошлилигини текшириб бориш йўлга қўйилади:

янги қурилган ва реконструкция қилинган тўрт қаватдан юқори объектларни фойдаланишга қабул қилишдан олдин мажбурий тартибда объект жойлашувига қараб микросейсморайонлаштириш харитасига асосан зилзилага бардошлигини махсус ускуналар билан текшириш, ушбу талабга жавоб берган тақдирда тегишли объектни фойдаланишга қабул қилиш амалиёти йўлга қўйилади (I тоифа объектлари бундан мустасно).

Объектнинг зилзилага бардошлигини махсус ускуна билан текшириш жараёнлари мажбурий тартибда видеотасвирга олинади ва инспекция сайтига жойлаштириб борилади.

Бино ва иншоотларнинг зилзилага бардошлигига таъсир қилувчи, шунингдек, инсон саломатлиги ва ҳаётига таҳдид солувчи конструктив ҳуқуқбузарликлар аниқланганда демонтаж ишлари амалга оширилиши шарт.

Объектни зилзилага бардошлигини махсус ускуна билан текшириш харажатлари лойиҳа-смета ҳужжатлари таркибига киритилиши мумкин ва буюртмачи томонидан тўланади.

4) Қурилиш объектларидан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқларини таъминлаш ва рақобатбардошликни ошириш мақсадида:

янги қурилган ва фойдаланишга топширилганига бир йилдан ошмаган кўп қаватли уйлар (уларнинг биринчи қаватини ҳам) сифатини ҳамда қурилиш қоидаларига риоя қилинганини ушбу хонадон(жой)га эгалик қилувчи ёки сотиб олган жисмоний ва юридик шахслар ўз ҳисобидан аккредитациядан ўтган тадбиркорлик субъектларига текширтириш ҳуқуқига эга;

агар текширишда бино ва иншоотларнинг зилзилага бардошлигига таъсир қилувчи, шунингдек, инсон саломатлиги ва ҳаётига таҳдид солувчи конструктив ҳуқуқбузарликлар аниқланганда, пудратчи ва қурилишга буюртмачи бўлган жисмоний ва юридик шахслар бир ой муддатда ушбу камчиликларни тўлиқ бартараф этиши ёки уй-жой (бино)га эгалик қилувчи хоҳишига кўра ушбу муддатда уй-жой (бино) учун тўланган пул маблағларини хонадон (жой) эгасига тўлиқ қайтариб бериши амалиёти йўлга қўйилади;

пудратчи ва қурилишга буюртмачи бўлган жисмоний ва юридик шахслар томонидан камчиликлар тўлиқ бартараф этилмаганда ёки тўланган пул маблағлари ушбу муддатда тўлиқ миқдорда қайтариб берилмаганда, уй-жой (бино)ни сотиб олган шахс ушбу пул маблағларини ундириб бериш ёки камчиликларни бартараф этиш мажбуриятини юклаш ҳақида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

5) Шаффофликни таъминлаш ҳамда қурувчиларнинг масъулиятини ошириш мақсадида:

а) Қурилиш вазирлиги инспекция томонидан ўтказилаётган назорат тадбирларида қурилиш соҳасида аниқланаётган камчиликларни тизимли равишда умумлаштириб, лойиҳалаштириш ва қурилиш соҳасида энг кўп қонунбузилиши ва камчиликларга йўл қўйиб келаётган тадбиркорлик субъектларининг очиқ реестрини юритади.

Реестрдаги барча маълумотлар очиқ ҳисобланиб, Қурилиш вазирлиги сайтига жойлаштирилади ҳамда ҳар ойда камида бир маротаба янгилаб борилади.

Тизимли қонунбузилиш ва камчиликларга йўл қўйиб келаётган, зилзилага бардошликка таъсир қилувчи, шунингдек, икки ёки ундан ортиқ объектда инсон саломатлиги ва ҳаётига таҳдид солувчи конструктив ҳуқуқбузарликлар аниқланганда, инспекцияга мазкур юридик шахснинг фаолиятни амалга ошириш учун берилган рухсат берувчи ҳужжатини тўхтатиб туриш ёки бекор қилиш бўйича судга даъво аризаси киритишга рухсат берилади;

б) Қурилиш вазирлиги 2021 йил 1 майга қадар қурилишда қўлланиладиган янги технологиялар реестрини шакллантириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади.

6) Инспекция ходимларига ўз ҳудудида инспекция билан келишмасдан амалга оширилаётган қурилишларни аниқлаш, ноқонуний қурилишлар олдини олиш бўйича тегишли чоралар кўриш ва ҳар ой 5-санасига қадар ўз ҳудудида ноқонуний қурилишлар мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида Қурилиш вазирлигига ахборот киритиб бориш мажбурияти юклатилади.

Қурилиш вазирлиги ушбу маълумотларни умумлаштириб, ҳар ой 10-санасига қадар Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритади. Ноқонуний ва сифатсиз қурилишлар олдини олиш ҳамда бартараф этиш бўйича давлат сиёсатини амалга оширади.

7) Баённомалар билан қурилиш, капитал таъмирлаш, реконструкция ва модернизациялаш билан боғлиқ харидлар бўйича тўғридан тўғри шартномалар тузишга рухсат бериш тақиқланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид