Ўзбекистон | 17:52 / 22.03.2021
40705
5 дақиқада ўқилади

«Қатъий карантинни тиклашга бирорта асос йўқ» — Нурмат Отабеков билан суҳбат

Ўзбекистонликлар сўнгги ҳафтани яна коронавирусдан хавотирда ўтказди. Худди ўтган йилгидек, март ойининг ўртасида коронавирус балоси яна бош кўтаргани кўпчиликни ўйлантириб қўйди.

Хўш, қатъий карантин қайта йўлга қўйилиш эҳтимоли қай даражада? Агар карантин қайтарилса, олдинги усуллар қўлланиладими? Шу ва бошқа саволларга жавоб олиш учун Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари ўринбосари Нурмат Отабеков билан суҳбатлашдик.

– Нурмат Сатиниязович, бугун кўпчиликни қийнаётган савол – қатъий карантинга қайтиладими? Агар қайтилса, ундаги чоралар ўтган йилдагидек бўладими?

– Бугунги кунда карантин қоидаларини ўтган йилгидек қатъий ва кескин даражада қайта тиклашга бирор асос йўқ. Сабаби, касалланиш кўрсаткичлари сўнгги 3 ой ичида паст даражаларда бўлиб келди, ҳозир бирмунча юқори бўлса ҳам, бу карантин чекловларини кучайтиришга асос бўладиган даражада эмас. Негаки касалланиш асосан Тошкент ҳудудида кўпроқ қайд этиляпти.

Касалланганлар орасида болалар улуши ортяпти. Ўтган йили коронавирус пандемияси даврида умумий касалланишлар орасида болалар улуши 5-7 фоиз бўлса, ҳозирги кунда бу кўрсаткич 25 фоиздан ортиб кетди.

Шунинг учун ҳам Тошкент шаҳрининг айрим туманларидаги мактаблар таълими онлайн тартибига ўтказилди. Ҳозир таътил давом этяпти ва уларнинг якунига қадар биз касалликнинг тарқалиш занжирини узишга муваффақ бўлишни режалаштиряпмиз. Мабодо вазият ижобий томонга ўзгармаса, таътиллар муддатини узайтириш масаласини ўйлаб кўрамиз.

Бир нарсага аниқлик киритиб олишимиз керак – карантин ҳали бекор қилингани йўқ, энг муҳим ва бирламчи ҳимоя усуллари ҳамон амалда. Шунчаки, биз ўзимизни жуда бўш қўйиб юбордик, коронавирус ҳамон ёнимизда эканини унутдик, ўзимизни гўё касалликдан қутулгандек тута бошладик. Бу эса натижасини бермай қолмади – касалликка чалиниш ҳоллари кўпая бошлади.

Ана шундай пайтда Махсус комиссия қарорига биноан эпидемик вазият мураккаблаша бошлаган Тошкент шаҳрида карантин чоралари яна бир бор эслатиб қўйилди. Бу эслатмаларни ўтган йилгидек қатъий карантинга қайтиш деб баҳолаш ноўрин.

Энди ўтган йил билан бошқа жиҳатларни солиштирадиган бўлсак, 2020 йилда коронавирус нафақат бизга, балки бутун инсониятга номаълум касаллик эди, уни самарали даволаш, чеклаш ва ҳимояланиш усуллари тўла ўрганилмаган эди. Бу йилга келиб ҳам тиббиёт тизими, ҳам аҳоли коронавирус хавфини яхши тушуниб олди ва ундан ҳимояланиш чораларини ҳам яхши билади.

Агар бу йил ҳам карантин жорий қилинадиган бўлса, ўтган йилгидан фарқ қилади. Ўтган йили карантинда татбиқ этилган чеклов тадбирлари номаълум касалликка қарши курашиш учун бўлган бўлса, энди у ҳақда тўлиқ тасаввурга эгамиз. Нафақат COVID-19нинг ўзи, балки унинг мутацияга учраган штаммлари ҳақида ҳам биламиз. Шу боис бизда ўзига хос огоҳлик, ҳушёрлик иммунитети шаклланди.

Қолаверса, аҳолининг маълум бир қатлами ушбу вирусга чалиниши оқибатида иммунитет ҳосил қилди. Демак, кўриладиган чоралар ҳам ўтган йилгидан фарқ қилади, қатъий карантин ҳолатига қайтилади, деб ўйламайман.

– Британча штаммнинг кириб келиши ҳам кўпчиликни саросимага солди. Аммо кейинги ҳисоботлар яна умумийлаштириб юборилди. Айни пайтда коронавируснинг бу штамми алоҳида ўрганилмаяптими?

– Бугунга қадар коронавируснинг 5 мингдан ортиқ штаммлари, мутацион вариантлари аниқланган. Ҳозирги кунда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан секвинирлаш йўли билан британча ёки бошқа штамм эканини аниқлаш мумкин. Ҳозирда ҳам ҳар бир ҳолатда Илғор технологиялар марказида таҳлил қилиняпти.

Лекин британча, африкача ёки бразилча штамм бўлишидан қатъи назар, ундан ҳимояланиш, профилактика чора-тадбирлари ва даволаш усуллари ўзгармайди.

Халқимизда бир нақл бор – «Ёқиб юбориладиган кўрпани тозалаб ўтириш шарт эмас», дейилади. Демак, қарши курашдаги усулларимиз ўзгармас экан, унинг қандай штамм эканига урғу бериб, ортиқча вақт ва ресурс сарфлашнинг ҳожати йўқ. Айнан қайси штамм билан касаллик кўпайгани унчалик аҳамиятга эга эмас.

Касалликнинг болаларда учраётгани ва тез тарқалаётгани британча штамм тарқалаётганининг яққол белгисидир. Бунинг ўрнига умумэътироф этилган профилактика чора тадбирларга кенгроқ эътибор бериш керак.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

Мавзуга оид