Жаҳон | 00:00 / 25.03.2021
8897
2 дақиқада ўқилади

Канада Россиянинг 9 расмий шахсига нисбатан санкциялар киритди

Канада Россиянинг 9 нафар расмий шахсига нисбатан санкциялар киритди ва буни Россияда инсон ҳуқуқлари бузилиши билан боғлади.

Алексей Навальний / Фото: ТАСС

Санкциялар рўйхатига киритилган россияликлар орасида ФХХ раҳбари Александр Бортников, ФСИН директори Александр Калашников, бош прокурор Игор Краснов, Россия президенти маъмурияти раҳбари биринчи ўринбосари Сергей Кириенко, мудофаа вазири ўринбосарлари Алексей Криворучко ва Павел Попов, Росгвардия директори Виктор Золотов ва бошқалар бор.

Бу шахсларнинг Канададаги активлари музлатилади ва уларга Канадага кириш тақиқланади. Бундан ташқари, Канададаги шахсларга ва канадаликларга хорижда санкциялар остига тушган шахсларнинг мулки билан бирор-бир ҳаракат амалга ошириш ҳамда молиявий ёрдам кўрсатиш тақиқланади.   

2 март куни АҚШ россиялик мухолифатчи Алексей Навальний сабабли Россия расмий шахсларига нисбатан санкциялар киритганди. Бундан ташқари, АҚШ Россиянинг кимёвий ва биологик моддалар ишлаб чиқарилишига алоқадор 14та ташкилотига қарши чекловлар киритган.

Бундан ташқари, 2 март куни Навальний билан боғлиқ вазият сабабли Европа иттифоқининг Россия мансабдор шахсларига нисбатан санкциялари ҳам кучга кирган. Брюссел Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин, бош прокурор Игор Краснов, Росгвардия директори Виктор Золотов ва ФСИН раҳбари Александр Калашниковга қарши санкциялар киритган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид