10:27 / 25.03.2021
6445

Навоий вилоят ҳокимлиги: қурилиш ишларидаги камчиликлар бартараф этилмоқда

Қурилиш вазирлиги расмий сайтида «Навоийда ҳам «ғалвир сувдан кўтарилди» сарлавҳали мақола эълон қилингач, ижтимоий тармоқларда Зарафшон шаҳар 14-кичик туманида қурилаётган бинолар муҳокамаларга сабаб бўлди. Навоий вилоят ҳокимлиги мазкур ҳолат юзасидан ўз муносабатини билдирди.

Ҳокимлик ахборот хизматига кўра, хабарда Зарафшон шаҳар 14-кичик туманида «Сифат Қурилиш Зарафшон» МЧЖ томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 майдаги 370-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талаблари, яъни шаҳарсозликка рухсат берувчи ҳужжатлар расмийлаштирилмаган ҳамда ҳудудий инспекцияни хабардор этмасдан кўп қаватли турар жой объектида ноқонуний равишда қурилиш-монтаж ишлари бошлангани айтилган. Мазкур ҳолат ҳокимлик томонидан ўрганиб чиқилган.

Қисқа муддатли текширувдан сўнг жамият мансабдорига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 99-моддаси 7-қисми билан ўрнатилган тартибда ҳужжатлар тўплами расмийлаштирилиб, Зарафшон шаҳар Жиноят ишлари бўйича судига юборилган.  

Бундан ташқари, Қурилиш вазирлигининг 2021 йил 10 январдаги «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 10 январдаги 6-ф сон Фармойиши ижросини таъминлаш тўғрисида»ги буйруғи ҳамда Навоий вилоят ҳокими ўринбосарининг 2021 йил 15 январдаги «Вилоят ҳудудларида хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан кўп қаватли уй-жойлар ҳамда нотурар объектлари қурилиши жараёнида сифат жиҳатидан амалдаги шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилишини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ таркибини тасдиқлаш тўғрисида»ги топшириғига асосан вилоят ҳудудларида мазкур масалада ўрганишлар ўтказилган.

Мониторинг натижаларига кўра, қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси томонидан қурилиш-монтаж ишларининг лойиҳа асосида ва сифатли бажарилиши ҳамда тадбиркорлик субъектлари томонидан Давлат хизматлари агентлиги орқали қурилиш-монтаж ишларини бошлаш тўғрисида инспекцияга хабарнома юбормасдан бошланган қурилиш объектлари аниқланиб, назоратга олинган.

Ҳолат бўйича Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 99-моддаси 7-қисми билан ўрнатилган тартибда ҳужжатлар тўплами расмийлаштирилган.

Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган мақолалардаги объектларни ўрганиб чиққанимизда, уларда қурилиш-монтаж ишларини бошлаш тўғрисидаги хабарномани юборишгача бўлган ҳужжатлар, жумладан, ер ажратиш қарори, архитектура-режалаштириш топшириғи, лойиҳа-смета ҳужжатлари мавжуд бўлиб, фақат қурилиш объектларида қурилиш-монтаж ишларини инспекцияга хабарнома юбормасдан бошлашгани аниқланди.

Навоий вилоят ҳокимлигининг ҳудудларда қурилиш соҳасида қонунчилигини тартибга солиш борасидаги бевосита амалий ёрдами билан тадбиркорлик субъектлари томонидан инспекцияни хабардор этмасдан бошланган қурилиш объектларини қонунчиликка мувофиқлаштириш борасидаги ишлар бошланган.

Жумладан, «ZARAFSHON BINOINSHOOT QURILISH» МЧЖ, «ҲАКИМЗОДА» МЧЖ, «ОСИЁ ЮГРА» ХК ва «ЛАЙЛО УЛГУРЖИ САВДО» МЧЖлар томонидан олиб борилаётган қурилиш объектлари қисқа муддатларда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳудудий инспекцияга хабарномалар юборилди ҳамда инспекциядан рўйхатдан ўтказилди. Ижро ҳужжатлари расмийлаштиришда маълум вақт талаб этилган объектларда қурилиш-монтаж ишлари вақтинча тўхтатилиб, хабарнома учун зарурий ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича йўналишлар бериб борилмоқда, дейилади Навоий вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотида.

Top