Иқтисодиёт | 16:02 / 25.03.2021
20846
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда меҳмонхоналар нега қиммат?

Соҳа мутахассисига кўра, Ўзбекистонда меҳмонхона ва умуман хизмат кўрсатиш секторига солиқ юки кўп. Бутун дунёда хизмат кўрсатиш соҳаларида қўшимча қиймат солиғи (ҚҚС) мутлақо йўқ ёки белгиланган ҚҚС ставкасидан 2 баробар кам. Туризмни ривожлантириш ассоциацияси меҳмонхоналар учун ҚҚС ставкасини пасайтиришни таклиф қилмоқда.

Фото: Dreamstime

Ўзбекистонда меҳмонхона соҳасида солиқ юки кўплиги – меҳмонхоналар қимматлигининг асосий сабабларидан, дейди Туризмни ривожлантириш ассоциацияси раиси Дилшод Одилов Kun.uz билан суҳбатда.

«Бутун дунёда хизмат секторида, хусусан, меҳмонхона тармоғида қўшимча қиймат солиғи мутлақо йўқ ёки жуда ҳам катта фарқ билан иқтисодиётда ўрнатилган ҚҚСдан паст ставкада белгиланган.

Масалан, туризми яхши ривожланган Туркияда ҚҚС 18 фоиз қилиб белгиланган, аммо меҳмонхоналар учун 8 фоиз. Германия, Греция, Франция – ҳаммасида меҳмонхоналар учун ҚҚС камида 2 баробар паст.

Бизда бир хил 15 фоизлик ставка белгиланган. Лекин Ўзбекистонда қўшимча қиймат солиғи мавзусини кўтаришга юқорироқ турадиган ташкилотларнинг аллергияси бор. Чунки ҚҚС давлат бюджетига асосий тушум келтирадиган солиқ ҳисобланади.

Менимча, бунга сабаб қайсидир соҳага ҚҚС ставкасини камайтириш бошқа соҳаларнинг бу масалани кўтаришига олиб келишидан қўрқув бўлиши мумкин», – дейди мутахассис.

Дилшод Одиловга кўра, меҳмонхона соҳасида ишлаб чиқаришга қараганда солиқ юки сезиларли кўп. Бу ўз навбатида меҳмонхона харажатларини ошириб, нарх қимматлашишига сабаб бўлмоқда.

«Ҳамма Ўзбекистонда меҳмонхоналар қиммат дейди, чунки Ўзбекистондаги меҳмонхоналарнинг солиқ юки катта. Яқинда бир солиқ консультанти билан бир меҳмонхона ва бир ишлаб чиқариш корхонаси мисолида солиқ юкини ҳисоблаб чиқдик. Меҳмонхонанинг солиқ юки биз олган рақамлар бўйича 37 фоизга тўғри келди.

Бунча солиқ юки бўлиши жуда катта рақам. Натижада меҳмонхона хизматлари нархини 37 фоизга кўпайтиришга тўғри келади.

ҚҚС туфайли, Туркия ва Ўзбекистондаги бир меҳмонхонанинг эгаси бир хил пул топган тақдирда, Туркия меҳмонхонаси Ўзбекистондаги меҳмонхонадан 10 фоиз арзон бўла олади.

Масалан, Туркияда битта хона 90 доллар бўлса, Ўзбекистонда айнан шунча пул топиш учун хонани 100 долларга сотиш керак. Бу меҳмонхона эгасининг айби эмас-ку», – дейди у.

Туризм ассоциацияси раисининг маълум қилишича, меҳмонхона соҳаси учун ҚҚС ставкасини пасайтириш бўйича Иқтисодиёт ассамблеяси юристлари билан биргаликда Давлат солиқ қўмитасига таклифлар тайёрланмоқда.

Ташаббускорлар фикрича, хизмат кўрсатиш соҳаси учун алоҳида ҚҚС ставкаси белгиланиши керак. Дилшод Одилов бунинг сабабларини изоҳлади:

«Ривожланган давлатлар бекорга меҳмонхона соҳаси учун пасайтирилган ҚҚС ставкасини белгиламаган: ҳаммасининг арифметикаси бор.

Дейлик, бир миллион сўмга телефон сотсангиз, сизга унинг таннархи тахминан 800 минг сўмга тушади, деб ҳисобласак, бунинг ичида хомашё олганингизда (хомашё учун) ҚҚС тўлагансиз. 1 миллион сўмдан ҚҚС тўлаётганингизда 800 минг сўмнинг ичида тўлаб бўлинган ҚҚСни айириб ташлайсиз, қолган 200 минг сўмига тўғри келадиган қисмидан ҚҚС тўлайсиз.

Меҳмонхона соҳасида қандай? 1миллион сўмга хона сотсангиз, унинг ичида ҚҚС тўлаб олинган маҳсулот йўқ. Чунки бу хизмат кўрсатиш бўлиб, унда ишчилар ойлиги, солиқлар бор. Солиқнинг миқдорини ҚҚСдан айириб ташлай олмайсиз. Яъни бир миллион сўмнинг ичида меҳмонхонанинг 500 минг сўм харажати бор, деб ҳисобласак, бунинг ичида ҚҚС миқдоридан айириб ташлаш мумкин бўлган база йўқ», – дея тушунтирди соҳа мутахассиси.

Одиловнинг таъкидича, хизмат кўрсатиш соҳаси ягона ҚҚС ставкасига муҳтож, бу – яширин иқтисодиётни қисқартиради, туризм таннархини камайтиради.

«Ўзбекистон шароитида меҳмонхоналар учун ҚҚСни 5-6 фоиз қилиб белгилаш керак. Солиқ юкининг катталиги яширин иқтисодиётни рағбатлантиряпти. Aгар ҚҚС ставкаси туширилса, бирорта меҳмонхона топаётган даромадини яширмасдан тўлиқ кўрсатади, натижада ҳозирги тушаётгандан кўра кўпроқ солиқ тушуми бўлади.

Тадбиркор бир миллион сўмга хона сотиб, хона нархини 300 минг сўм қилиб кўрсатса, бунда 15 фоиз ҚҚС билан 45 минг сўм солиқ тўланади. Aгар ҚҚС 5 фоизга туширилса, бир миллион сўмни тўлиқ кўрсатиб, 50 минг сўм ҚҚС тўлайди.

Бу билан меҳмонхоналарнинг ҳаммаси солиқдан қочади, демоқчи эмасман, бироқ яширин иқтисодиётга йўл қўйиш эҳтимоли юқорироқ. ҚҚС Ўзбекистон шароитида меҳмонхоналар учун 5-6 фоиз бўлиши керак. Натижада меҳмонхоналар нархи тушади, бу ўз навбатида туризм таннархи камайишига замин яратади, яширин иқтисодиёт қисқаради, бюджетга ҳозирги солиқ тушумидан кўпроқ тушум бўлади», – дейди у.

Aввалроқ, Дилшод Одилов Kun.uz'га пандемия туфайли қийин аҳволда қолган меҳмонхона бизнесининг тикланиш даври 2020 йил октябр-ноябр ойидан бошлаб ҳанузгача давом этаётганини, 2021 йил бошидан фойда кўра бошлаганини маълум қилганди.

Маълумот учун, 2021 йил 1 мартдан бошлаб, Ўзбекистон фуқаролари ҳам туристик йиғим тўлайдиган бўлди. Яна бир янги йиғим турига нисбатан туризм ва меҳмонхона бизнеси билан шуғулланувчи айрим тадбиркорлар йиғим жорий қилишга ички туризмни ривожлантириш асос қилинганига қарамай, у бошқа муаммоларни келтириб чиқаришини айтишганди. ДСҚ эса йиғим ва солиқ тушунчаларини янглиш тушунмасликка чақирганди.

Мадина Очилова, Kun.uz.

Мавзуга оид