Ўзбекистон | 12:41 / 26.03.2021
5359
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон давлат консерваториясида ҳам ўқиш масофавий шаклга ўтказилди

Ўзбекистон давлат консерваториясида коронавирус инфекциясига чалинган беморлар аниқлангани боис бугун, 26 мартдан эътиборан ўқиш масофавий таълим шаклига ўтилди. Бу ҳақда Kun.uz’га олийгоҳ ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Ўзбекистон давлат консерваторияси

Ахборот хизмати хабарига кўра, консерваториянинг 4 нафар профессор-ўқитувчиси ва 1 нафар талабасида коронавирус инфекцияси аниқланди. Ҳозирда беморлар ўз уйларида шифокорлар назорати остида даволаняпти.

“Таълим муассасасида касаллик тарқалишининг олдини олиш мақсадида ўқув жараёнлари 2021 йил 26 мартдан 8 апрелга қадар (14 кун) масофавий шаклда ташкил этилади.

Олийгоҳда ўқув жараёнини онлайн тарзда ташкил этиш бўйича зарурий шароитлар яратилган бўлиб, дарс жараёнлари ZOOM видеоалоқа дастури орқали белгиланган дарс жадвали асосида ўтилади”,- дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент шаҳрида бир кунда 100дан ортиқ COVID-19 касаллигига чалинган беморлар аниқлангани ҳақида хабар берди.

Аввалроқ Молия институтида ҳам коронавирус сабаб ўқиш масофавий шаклга ўтказилгани маълум қилинди.

Мавзуга оид