Ўзбекистон | 16:59 / 27.03.2021
5635
4 дақиқада ўқилади

Сувда дам олиш ва пляж туризми ривожлантирилади — Ҳукумат қарори лойиҳаси

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида сувда дам олиш ва пляж туризмини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Жиззах ва Навоий вилоятлари ҳокимлигининг 2021—2025 йилларда Айдар-Арнасой кўллар тизими ҳамда Тўдакўл кўлида рекреацион кўллар ҳудудини ташкил этиш таклифига розилик берилади.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Жиззах ва Навоий вилоятлари ҳокимликлари:

  • рекреацион кўллар ҳудуди чегараларини белгилайди ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади;
  • 2021 йил 1 октябрга қадар лойиҳа институтларини жалб этган ҳолда рекреацион кўллар ҳудудини батафсил режалаштириш лойиҳасини ишлаб чиқади ва Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда белгиланган тартибда тасдиқлайди;
  • Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан биргаликда батафсил режалаштириш лойиҳаси ишлаб чиқилгандан сўнг рекреацион кўллар ҳудуди ва улар атрофида йўл-транспорт ҳамда муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш манзилли дастурини ишлаб чиқади ва 2022—2024 йилларда инвестиция дастурига босқичма-босқич киритилишини таъминлайди.

Белгиланишича:

  • рекреацион кўллар ҳудудига кирувчи туристик инфратузилмани яратиш имконияти бўлган ер участкаларини тадбиркорларга бериш, уларда қурилиш ва барпо этиш лойиҳаларини амалга ошириш Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан мажбурий тартибда келишилади;
  • рекреацион кўллар ҳудуди ва улар атрофида йўл-транспорт ҳамда муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш манзилли дастурига киритиладиган тадбирлар тегишлигича республика бюджети маблағлари, президентнинг “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони 9-бандига мувофиқ ажратилган маблағлар ҳамда Навоий ва Жиззах вилоятлари маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қопланади;
  • рекреацион кўллар ҳудудига кириш нуқтасида тегишлигича Навоий ва Жиззах вилоятлари маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан ахборот маркази ва замонавий автотураргоҳ ташкил этилади;
  • ахборот маркази ва автотураргоҳ фаолиятидан келиб тушадиган маблағлар 100 фоизи дирекция махсус ҳисобварағига йўналтирилади ва биринчи навбатда белгиланган тадбирларни амалга ошириш учун ажратилган махсус маблағлар қоплаб берилади.

Қуйидагилар рекреацион кўллар ҳудудида устувор равишда амалга ошириладиган йўналишлар этиб белгиланади:

  • замонавий туризм инфратузилмаси объектларини (пляж ва сувда дам олиш туризми, кўллар қирғоғи бўйлаб сайр қилиш йўлаклари, меҳмонхона мажмуалари, соғломлаштириш, савдо-кўнгилочар ва туристик аҳамиятдаги бошқа объектлар) барпо этиш ҳамда туристларга хизмат кўрсатиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш;
  • ҳудуд экологик муҳити имкониятларини ҳисобга олган ҳолда, туризмнинг алоҳида турлари, шу жумладан, замонавий пляж, фаол ва сафари туризм ҳамда сув спорти турларини ташкил этиш;
  • ҳудудда ноёб табиий объектлар ва мажмуалар, ўсимликлар ва ҳайвонлар генетик фондини сақлаш, шунингдек, фаолиятнинг атроф-муҳитга салбий таъсирининг олдини олиш ва минималлаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;
  • ҳудуд транспорт логистикасини ривожлантириш, ҳудудда транспорт ҳаракатининг янги (автобус, микроавтобус, фуникулёр ва бошқалар) йўналишлари ҳамда йўловчи транспорти ҳаракатини ташкил этиш;
  • туристлар хавфсизлиги учун ҳудудни видеокузатув тизимлар билан жиҳозлаш, огоҳлантириш тизимлари ташкил этиш ва фавқулодда ҳолатларда тез ёрдам бериш тизимини жорий этиш;
  • ҳудудда энергиянинг муқобил ва қайта тикланувчи манбаларини қўллаган ҳолда янги замонавий энергия тежовчи тизимлар ва технологиялар жорий қилиш.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Жиззах ва Навоий вилоятлари ҳокимликлари ташриф буюрувчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида рекреацион кўллар ҳудудида қутқарув бригадаси ва унинг фаолиятини ташкил этади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид