23:52 / 29.03.2021
5301

АҚШ авиакомпанияси 100та Boeing 737 Max самолётига буюртма берди

АҚШнинг Southwest Airlines лоукостери Boeing компанияси билан 100та 737 Max 7 самолёти сотиб олиш бўйича келишиб олганини эълон қилди. Биринчи 30та самолёт буюртмачига 2022 йилда етказиб берилади.

Бундан ташқари, авиакомпания аввал буюртирган 70та 737 Max 8 ўрнига ҳам 737 Max 7’дан сотиб олишга қарор қилган. Шунингдек, авиакомпания 2029 йилгача яна 155та 737 Max’дан сотиб олади.  

АҚШ ОАВда таъкидланишича, бу 737 Max самолётлари иштирокида иккита авиаҳалокат юз бергач, 2019 йил мартидан улардан фойдаланиш тўхтатилгандан кейин уларга олинган энг йирик буюртма ҳисобланади.

737 Max самолётларида авиаҳалокатларга олиб келган муаммолар бартараф этилгач, 2020 йил декабрда АҚШда уларнинг парвозлари тикланди. 2021 йил январда эса Европа иттифоқи ҳам улардан фойдаланишга рухсат берди. Шундан кейин Ирландиянинг Ryanair авиакомпанияси 75та 737 Max’га буюртма берди. Март бошида эса АҚШнинг United Airlines компанияси ҳам шундай самолётдан 25тасини сотиб олишга қарор қилди.

Top