Жаҳон Банки: Ўзбекистон иқтисодий ўсишига доир прогнозларини янгилади
Муаммоли кредитлар, давлат қарзининг 42 фоизгача етиши ва иқтисодий ўсиш. Жаҳон банкига кўра, 2021 ва 2022 йилларда Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш кузатилади. Бу албатта, ташқи ва ички омилларнинг ўзгаришига боғлиқ.

Жаҳон Банки / Фото: Alex Wong / Getty Images
Жаҳон Банки Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги 23 мамлакат бўйича ўз ҳисоботини эълон қилди. Унда мамлакатларнинг 2021 ва 2022 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожланиши бўйича прогнозлар берилган. Хусусан, унда Ўзбекистондаги вазиятга доир таҳлиллар ҳам мавжуд.
Қўллаб-қувватлашларни давом эттириш зарур
Қайд этилишича, 2020 йилда ўсиш суръатларининг кескин секинлашувидан сўнг, 2021 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти Covid-19 инқирози таъсиридан қисман тикланиши прогноз қилинмоқда. Иқтисодиёт тўлиқ тиклангунга қадар эса, пандемиянинг даромади паст оилалар ва қаттиқ зарар кўрган корхоналарга салбий таъсирини юмшатиш учун уларни қўллаб-қувватлаш амалиётини давом эттириш керак. Мамлакатнинг ўрта муддатли иқтисодий истиқболлари ҳам ижобий бўлиши айтилмоқда. Ўзбекистон савдо ҳамкорларининг иқтисодиёти ва жаҳон иқтисодиётининг яхшиланиб бориши, шунингдек, ҳукумат давлат корхоналарининг иқтисодиётдаги ролини қисқартириш бўйича ислоҳотларни ҳамда ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш чораларини кўриш керак. Бу хусусий секторда ўсишни қўллаб-қувватлайди. Камбағалликни қисқартириш жараёнини жадаллаштириш учун аҳолининг расмий бандлиги, фуқароларнинг даромадлари ва иқтисодий имкониятларнинг ошишига олиб келадиган ислоҳотларга эътибор қаратиш лозим.
Ислоҳотларнинг мураккаб босқичи бошланмоқда – асосий масала шаффофликни таъминлаш
Ҳисоботда Ўзбекистон иқтисодиётини пандемиядан тикланишидаги асосий муаммолар ҳамда қилиниши керак бўлган ишлар ҳақида ҳам сўз боради. Бозорни либераллаштириш жараёнининг бошланғич босқичи тугаганидан сўнг, Ўзбекистон ердан фойдаланиш ва эгалик қилиш ҳуқуқи, меҳнат бозори ва капитал бозорини ислоҳ қилиш, шунингдек давлат корхоналарини трансформация қилиш билан боғлиқ ислоҳотларнинг навбатдаги, мураккаброқ босқичига ўтмоқда.
Ўрта муддатли энг муҳим вазифа ислоҳотларнинг инклюзивлиги ва шаффофлигини таъминлаш бўлади. Давлат корхоналарини ислоҳ қилиш жараёнини жадаллаштириш ҳамда хусусий сектор келтириб чиқарадиган рақобатбардош ва инклюзив иқтисодий ўсиш моделини яратиш орқали давлатнинг иқтисодиётдаги ролини камайтиради. Натижада, бу давлат томонидан бошқариладиган модел меросига барҳам беришга ёрдам беради. Гарчи олдинги иқтисодий ўсиш модели ЯИМ ўсишининг юқори суръатларини таъминлаган бўлса-да (2000 йилдан 2016 йилгача бўлган даврда йилига ўртача 6%), тез ўсиб бораётган аҳоли учун иш ўринлари ва фуқаролар учун иқтисодий имкониятлар яратолмади.
Аҳолининг 9 фоизи камбағаллик чегарасидан пастда
Covid-19 пандемияси оқибатида юзага келган инқироз бозор иқтисодиётига ўтишнинг янада муҳимлигини намойиш этди. Мамлакат аҳолисининг қарийб 9 фоизи ҳали ҳам камбағаллик чегарасидан (Жаҳон банки томонидан ўртача паст даромадли мамлакатлар учун ҳисоблаб чиқилган - сотиб олиш қобилияти паритети бўйича ҳар бир кишига кунига 3,2 доллар) пастда яшамоқда. Бунданда кўпроқ фуқаролар ушбу чегарага яқин яшайдилар. Карантин чекловлари ўрнатилган вақтда бу муаммо янада кескинлашди – яна бир миллионга яқин фуқаро камбағаллик чегарасидан пастга тушиб қолган.
Ушбу хатарларни камайтириш учун ҳукумат иқтисодиётнинг динамик ўсишини таъминлаш билан бир қаторда, соғлиқни сақлаш ва таълим хизматларини такомиллаштириши талаб этилади. Шу орқали ижтимоий ҳимоя тизимини кучайтириш, меҳнат бозоридаги шароитларни яхшилаш ва инсон капиталини ривожлантиришдаги тўсиқларни олиб ташлаш бўйича ислоҳотларга эътибор қаратиш керак. Хусусий секторнинг иқтисодиётда кенгроқ иштироки ва улуши ҳамда яратилган иш ўринларининг юқорироқ сифати ислоҳотлар муваффақиятининг муҳим белгиси бўлади. Пандемия таъсирининг давом этаётганлиги туфайли чекланган маъмурий имкониятлар билан ушбу муаммоларни ҳал қилиш қийинроқ бўлади.
Сўнгги тенденциялар
Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 2019 йилдаги 5,8 фоиздан 2020 йилда 1,6 фоизга кескин пасайди. Бунга карантин чекловларининг жорий этилиши ва пандемия сабабли савдо операцияларининг узилиши сабаб бўлди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Европа ва Марказий Осиё минтақасида ўтган йилда иқтисодий ўсишни намойиш этган кам сонли давлатлардан бири бўлди. Бунга қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг барқарор ўсиши ва соғлиқни сақлаш ҳамда уй хўжаликлари ва корхоналарни иқтисодий қўллаб-қувватлашга харажатларни кўпайтиришга имкон берган ҳукуматнинг инқирозга қарши чоралари ёрдам берди.
Пандемия сабабли солиқ-бюджет рағбатлантириши ва инвестициялар, экспорт ва импорт ҳажмининг қисқариши 2020 йилда ЯИМнинг таркибий қисмларида истеъмол (давлат ва хусусий) ўсишига олиб келадиган вазиятни яратди. Бу ўн йилдан ортиқ вақт мобайнида биринчи марта талаб томонидан иқтисодий ўсишнинг асосий драйверига айланди.
Ишсизлик даражаси 2019 йилги 9 фоиздан 2020 йил сентабрда 11,1 фоизгача кўтарилди. Камбағаллик даражаси 9 фоизгача кўтарилиб, 2020 йилда инқирозгача 7,4 фоиз бўлган кўрсаткичдан ошиб кетди. Бу пандемия сабабли иш жойларининг йўқотилиши, аҳоли даромадлари ва меҳнат мигрантларининг пул ўтказмалари ҳажмининг қисқариши билан боғлиқ. Ижтимоий ёрдам дастурларининг сезиларли даражада кенгайтирилиши мамлакатдаги зарар кўрган уй хўжаликларига маълум даражада ёрдам берди.
Олтин экспорти тўлов балансидаги ҳисоб камомадини камайтирди
Тўлов балансининг жорий ҳисоб дефицити 2019 йилда ЯИМнинг 5,7 фоизидан 2020 йилда ЯИМнинг 5,2 фоизигача камайди. Бу олтин экспортининг 18 фоизга ўсиши натижасида келиб чиқди. Натижада экспорт умумий ҳажмининг қисқариши 15 фоизгача чекланди. Импорт машиналар, ускуналар ва саноат моллари улушининг кескин пасайиши ҳисобига 17 фоизга камайди. Ташқи қарзларнинг кўпайиши тўлов балансининг жорий ҳисоб дефицитини қоплашга ёрдам берди.
Давлат бюджетига тушадиган тушумларнинг пасайиши ва бюджет харажатларининг ошиши оқибатида бюджет дефицити 2019 йилдаги ЯИМнинг 3,9 фоизидан 2020 йилда ЯИМнинг 4,4 фоизигача ўсди. Ялпи ички маҳсулот ўсишининг секинлашиши ҳамда ҳукумат томонидан амалга оширилган чора-тадбирлар тўпламидаги солиқларни кечиктириш ва имтиёзлар (ЯИМнинг 2,5 фоизи атрофида) давлат бюджети даромадларининг қисқаришига олиб келди, шу билан бирга ушбу тўплам бўйича бошқа чоралар бюджетнинг харажатлар қисмини оширди.
Олтинни сотишдан тушган юқори даромадлар, баъзи устуворлиги юқори бўлмаган давлат харажатларининг қисқартирилиши ва мақсадли кредитлаш дастурлари солиқ-бюджет рағбатлантиришининг давлат бюджетига таъсирини сезиларли даражада қоплаб, унинг дефицити кескин ўсишининг олдини олди.
Давлат қарзи 37,9 фоизгача ошди
Давлат бюджети дефицитини қоплаш учун ташқи қарзларнинг кўпайтирилиши давлат ва ҳукумат томонидан кафолатланган ташқи қарз миқдори 2020 йилда ЯИМнинг 37,9 фоизигача оширди. ЯИМнинг 60 фоизига тенг олтин-валюта захиралари ташқи таъсирларга қарши хавфсизлик ёстиғи бўлиб хизмат қилади.
Пандемия даврида ҳукумат томонидан тартибга солинадиган нархларнинг секинроқ ўсиши озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг бир оз кўтарилиши билан қопланди, бу эса 2020 йил декабрида йиллик истеъмол нархлари инфляциясининг 11 фоизгача пасайишига олиб келди (2019 йилда инфляция 15,2 фоиз эди). Натижада Ўзбекистон Марказий банки асосий ставкани 16 фоиздан 14 фоизгача пасайтира олди. Иқтисодиётни кредитлаш ҳажмининг ўсиши реал фоиз ставкаларининг юқорилиги, давлат томонидан бериладиган субсидияланган кредит дастурларининг қисқариши ва пандемия таъсири натижасида 2019 йилдаги 52 фоиздан 2020 йилда 34 фоизгача пасайган.
Муаммоли кредитлар 3 мартага кўпайган
Корхоналар ва уй хўжаликлари учун ҳам йил давомида кредит тўловларини тўлаш бўйича муддатлар кечиктирилди. Банк сектори капиталининг етарлилик коэффициенти 2019 йил охиридаги 23,5 фоиздан 2020 йил ноябрида 18,4 фоизгача пасайди. Пандемия натижасида муаммоли кредитлар уч баравар кўпайиб, 2020 йил ноябрда умумий кредитларнинг 4,5 фоизига етди. Шунга қарамасдан, Ўзбекистон молия тизими эҳтимолий кредит шокларини енгиш учун етарли капитал ҳажмига эга.
Иқтисодий ўсиш омиллари
Ялпи ички маҳсулот ўсиши 2021 йилда 4,8 фоизгача тикланиши кутилмоқда. Бироқ ўсиш суръатига жаҳон иқтисодиёти тикланиши тезлиги ва аҳолини Covid-19га қарши эмлаш миллий кампанияси билан боғлиқ бўлган ноаниқлик таъсир қилиши мумкин. Савдо ва инвестиция оқими, меҳнат мигрантларининг пул ўтказмалари ҳажми, қишлоқ хўжалигида мўл ҳосилнинг босқичма-босқич тикланиб бориши ва аҳолини эмлаш иқтисодиётнинг тикланишига кўмаклашади ҳамда ишсизлик ва қашшоқликни янада камайтиришга ёрдам беради. Аҳолини эмлашнинг тезлашиши ва жаҳон иқтисодиётидаги узилишларнинг сусайиши билан 2022 йилда ЯИМ ўсиши юқорироқ (5,5 фоизгача) бўлиши прогноз қилинмоқда.
Бюджет тақчиллиги яна ортади
Йирик инвестиция лойиҳалари доирасида машиналар, ускуналар ва бошқа саноат маҳсулотлари импорти ҳажмининг тикланиб бориши билан 2021 йилда тўлов балансининг жорий ҳисоби дефицити ЯИМнинг 5,5 фоизигача ўсиши прогноз қилинмоқда.
Тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ҳажмининг 2020 йилги пасайишдан сўнг қисман тикланиши прогноз қилинганига қарамай, давлат ва хусусий қарзлар тўлов баланси жорий ҳисоб дефицитининг катта қисмини молиялаштиришда давом этиши кутилмоқда.
Прогнозларга кўра, давлат бюджети даромадларининг қисқариши, вакциналар сотиб олиниши, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг кенгайтирилиши ҳамда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини молиялаштириш ва корхоналарни давлат томонидан кредитлаш ҳажмининг ортиши бюджет тақчиллигини 2021 йилда ЯИМнинг 5,4 фоизигача оширади. У асосан давлат қарзларини кўпайтириш ҳисобига молиялаштирилади.
Ўзбекистон давлат қарзи 42 фоизгача етиши мумкин
2021 йилда Ўзбекистоннинг давлат қарзи ЯИМнинг 42 фоизини ташкил этиши ва ўрта муддатли истиқболда ЯИМнинг 45 фоизи даражасида барқарорлашиши кутилмоқда. Шу билан бирга, уй хўжаликлари ва корхоналар учун шароитлар яхшиланиши билан инқирозга қарши чораларни босқичма-босқич бекор қилиш ўрта муддатли истиқболда бюджет тақчиллигини камайтиришга олиб келади.
Тавсия этамиз
Қозоғистонда амалдорлар қамоқхоналарга экскурсияга олиб борилмоқда
Жаҳон | 18:16 / 19.03.2025
Трамп: «Украинага босим ўтказишга мажбур бўлгандик»
Жаҳон | 20:53 / 18.03.2025
Temu Ўзбекистонда юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтди
Ўзбекистон | 20:25 / 18.03.2025
Иккиламчи автомобил бозори: Lacetti, Cobalt, Spark ва Onix нархи арзонлашди
Ўзбекистон | 12:42 / 18.03.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Мисрда 3600 йил аввал ҳукмронлик қилган сирли фиръавннинг қабри топилди
Фан-техника | 01:57
-
Хитойда институтнинг собиқ ходими жосуслик учун ўлим жазосига ҳукм қилинди
Жаҳон | 00:55
-
Андижонда «Зил» юк машинаси ёниб кетди
Жамият | 23:42 / 19.03.2025
-
Трамп ва Путин мулоқоти: баёнотларга қараб, қандай хулосалар қилиш мумкин?
Жаҳон | 23:34 / 19.03.2025
Мавзуга оид

11:15 / 19.03.2025
Путин олигархларни «иқтисодий инқироз» хавфидан огоҳлантирди

13:45 / 04.03.2025
Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ваколатлари аниқлаштирилмоқда

20:26 / 03.03.2025
Камбағалликни қисқартиришда Ҳиндистон тажрибаси: муқобил йўл топилди

14:52 / 03.03.2025