Жамият | 15:00 / 01.04.2021
8902
3 дақиқада ўқилади

Қишлоқ хўжалиги тадбиркорининг ноласи: ер эмас, деҳқоннинг билими «шўр»

Отабек Пайғамов 30 ёшда. Шу пайтга қадар кўп ишларда, ҳар хил соҳаларда ўзини синаб кўрган. Охири ер олиб қишлоқ хўжалиги соҳасида тадбиркор бўлишга қарор қилди. Аммо бу ҳам ўз-ўзидан ҳаммаси зўр бўлиб кетадиган иш эмас. Отабек бу соҳада иш бошлаганидан кейин дуч келган муаммолари ҳақида сўзлаб берди.

Мен Пайғамов Отабек Бахтиёр ўғли 30 ёшдаман. Қишлоқ хўжалиги соҳасида тадбиркорлик фаолиятини бошлашга қарор қилдим. Чунки ўзбек азалдан ерга ошно тутинган. Ер доим бизни боқиб келган. Қишлоқ шароитида оддий картошкадан тортиб, помидоргача деҳқончилик маҳсулоти ҳисобланади ва деярли сотиб олинмайди. Ҳамма уйида бу каби сабзавотларни меваларни, етиштиради ва бу рўзғорни тебратишда катта ёрдам беради. Бунга ўрганиб қолганмиз. Аммо қишлоқ хўжалиги соҳасида етук тадбиркор бўлиб етишиш учун ҳар доим уйда экин эккандек муносабатда бўлиш ярамайди. Бунинг учун етарлича билим талаб қилинади.

Яхши ниятлар билан ижарага ер олдим. Ундан қандай қилиб унумли фойдаланишга келганда эса ўйланиб қолдим. Уйда кичик майдонга оилага етгулик картошка, помидор ёки бодринг учун кўп билим талаб қилинмаслиги мумкин, аммо катта майдонга шунчаки фақат ўз эҳтиёжларимиз учун экин экиб бўлмайди. Ердан қанча кўп фойда олсак, бу шунча яхши, истеъмолчига ҳам, кўпроқ фойда кўриш ниятида бўлган менга ўхшаган ер эгаларига ҳам. Яшириб нима қилдим. Бу борада деярли ҳеч қандай билимга эга эмасман. Иссиқхона қилиб лимон етиштирадиган, картошкадан икки ҳисса кўп даромад оладиган деҳқонлар ҳақида эшитганман. Асосан телевизорларда кўрганман. Аммо уларнинг бу даражага етишишига қандай омиллар сабаб бўлганини билмайман.

Чунки, бизда қишлоқ хўжалиги соҳасида тадбиркорлик қилиш учун ёрдам берадиган ҳеч қандай манба йўқ. Интернетдан қидириб кўрсангиз, асосан чет тилидаги маълумотлар. Чет тилини билмаслигим туфайли бу манбалардан тўғри фойдалана олмайман. Биладиган ёрдамчи бўлган тақдирда ҳам бу маълумотлар умумлашмаган ва асосан қисқа-қисқа кўринишда берилади. Бу эса етарли эмас. Бутун бошли китоб шаклида барча маълумотларни ўзида бирлаштирган китоблар бор дейишади. Лекин уларнинг бирортаси ҳам ўзбек тилида чоп этилмаган. Тилни яхши билмайдиган биз кабилар учун бу ҳам муаммо. Тилни билсангиз-да, бу маълумотлар бизнинг шароит, иқлим, ер хусусиятларига тўғри келмаслиги мумкин.

Ана шундай пайтда ўзбек тилида чоп этилган, қишлоқ хўжалигида тадбиркорлик қилиш учун барча маълумотларни ўзида жамлаган китоб ёки ўқув қўлланма шаклидаги манба бўлса, яхши бўларди. Бу мен каби бу соҳага янги кириб келаётган фуқароларимиз учун айни муддао бўларди. Бугун ер эгалари, тадбиркорлар шу каби адабиётларга, қўлланмаларга муҳтож. Бу борада яхши янгиликлар бўлиб қолишига умид қилиб қоламиз.

Отабек Пайғамов, фермер

Жамшид Рузибаев
Тайёрлаган Жамшид Рузибаев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид