Жамият | 21:55 / 01.04.2021
12140
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда рўй берган йўл-транспорт ҳодисасида икки киши ҳалок бўлди

Самарқанд вилояти Нарпай туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида икки нафар шахс ҳодиса жойида ҳалок бўлган. Уч нафар шахс оғир тан жароҳатлари олиб шифохонага ётқизилган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

2021 йил 29 март куни тунги соат 1:30 лар атрофида М37 Самарқанд-Бухоро-Ашхобод халқаро автомобиль йўлининг Нарпай тумани «Чорбой» МФЙ дан ўтувчи 96 километрида аянчли йўл-транспорт ҳодисаси рўй берган.

Мазкур йўлда Самарқанд-Бухоро йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб кетаётган «Кобальт» автомашинаси бироз олдинда кетаётган «Камаз» юк машинасига бориб урилган. Оқибатда «Кобальт» автомашинасида бўлган беш нафар йўловчидан икки нафари, ҳайдовчи ва яна бир шахс ҳодиса жойида вафот этган. «Кобальт»нинг яна уч нафар йўловчиси жиддий тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.

Маълум қилинишича, мазкур ҳодиса юзасидан жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув олиб борилмоқда. Бундан ташқари ҳодиса рўй берган маҳаллада вилоят ИИБ ЙҲХБ масъуллари иштирокида муҳокама ўтказилган ва аҳолига йўл-транспорт ҳодисаларининг оғир оқибатларидан огоҳлантирилган.

Мавзуга оид