Жамият | 12:12 / 05.04.2021
4027
3 дақиқада ўқилади

Божхоначилар салкам 2 кг гиёҳванд моддаларнинг олиб ўтилишига чек қўйди 

Андижон ва Сурхондарё вилоятлари божхоначилари томонидан салкам 2 кг гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилди, деб хабар қилмоқда ДБҚ ахборот хизмати.

Биринчи ҳолатда, Андижон вилояти “Дўстлик” чегара божхона постида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилган.

Ушбу пост орқали қўшни мамлакатдан Ўзбекистонга кириб келган фуқаро Х.Р.нинг оёғига кийиб олган қора рангли кроссовкаси оғирлиги ҳамда таг қисми қалинлиги божхоначилар эътиборини тортган. Шундан сўнг, ушбу шахс белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилганида, унинг оёқ кийимлари ичида 4 дона полиэтилен пакетларга ўралган, вазни 594,05 граммни ташкил этувчи “гашиш” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди.

Сурхондарё вилоятида эса, ўзидан жонли контейнер сифатида фойдаланиб, гиёҳвандлик воситаларини ички аъзоларига яширганча олиб киришга бўлган иккита уриниш фош қилинган. Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси "Айритом" чегара божхона постига пиёда равишда кириб келган қўшни давлат фуқароси С.А. инсон танасини сканерловчи “Body scan” қурилмаси кўмагида божхона кўригидан ўтказилганида, унинг ички аъзоларида шубҳали предметлар борлиги аниқланган.

Шундан сўнг шифокорлар муолажаси орқали мазкур шахснинг ичидан 46 дона цилиндрсимон полиэтилен ўрамлар чиқариб олинди. Мазкур ўрамларга соф оғирлиги 1,076 килограммни ташкил қилувчи “опий” гиёҳвандлик воситаси яширилгани маълум бўлди.  

Бир неча кун ўтиб ушбу божхона постида гиёҳвандлик воситаларини ички аъзоларига яширганча олиб киришга уринган бошқа шахс ҳам қўлга олинган. Қўшни мамлакат фуқароси А.К. ҳам шубҳали ҳаракатлари сабабли кузатувга олиниб, сканер қурилмаси кўмагида кўздан кечирилди. Натижада, ушбу шахснинг ичида ҳам 42 дона скотчланган цилиндрсимон ўрамлар борлиги фош бўлди. Тиббиёт ходимлари иштирокида чиқариб олинган мазкур ўрамлар текшириб кўрилганида эса, унинг ичида соф оғирлиги 252 грамм “героин” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди. 

Юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Мавзуга оид