Иқтисодиёт | 10:25
333
2 дақиқада ўқилади

Вақтинча олиб кирилган товарлар бўйича тўлов графиги жорий этилиши мумкин

Божхона юк декларациясини ўзгартириш ва қайта расмийлаштириш тартибига киритилаётган ўзгартишларга кўра, вақтинча олиб кириш божхона режимига жойлаштирилган товарлар учун даврий божхона тўловларини тўлаш графиги жорий этилиши мумкин. Янги тартиб ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун ҳисоб-китоб жараёнларини янада тартибга солишга қаратилган.

Лойиҳада илк бор «даврий божхона тўловларини тўлаш графиги» тушунчаси киритилмоқда. Унга кўра, вақтинча олиб кирилган товарлар бўйича даврий тўловлар ҳақидаги маълумотлар махсус графикда акс эттирилади ва мазкур ҳужжат божхона юк декларацияси билан бир вақтда божхона органларига тақдим этилади.

Шунингдек, вақтинча олиб кириш ёки вақтинча олиб чиқиш муддатлари узайтирилганда декларацияга ўзгартириш киритиш учун қўшимча ҳуқуқий асослар белгиланмоқда.

Лойиҳада ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари билан ишлаш тартибини рақамлаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, «ТИФ иштирокчилари рўйхати» тушунчаси жорий қилиниб, у Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва Божхона қўмитасининг ахборот тизимлари орқали шакллантирилади.

Янги нормаларга мувофиқ, айрим ҳолатларда декларацияловчи шахс божхона декларациясига ўзгартириш киритиш учун зарур ҳужжатларни тақдим эта олмаган тақдирда, божхона органлари мустақил равишда тегишли ўзгартишларни амалга ошириши мумкин. Бироқ божхона тўловлари ёки ташқи савдо шартномалари маълумотларига таъсир қилувчи ўзгартишлар фақат суд, тергов ёки суриштирув органлари қарорлари асосида киритилади.

Бундан ташқари, лойиҳада жисмоний шахсларни идентификация қилишда ЖШШИРдан фойдаланиш, Божхона расмийлаштируви марказларининг ваколатларини кенгайтириш ҳамда декларацияларга ўзгартириш киритиш жараёнларини аниқлаштириш назарда тутилган.

Муаллифлар фикрича, мазкур ўзгартишлар божхона маъмуриятчилигини соддалаштириш, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун қулайликларни ошириш ва божхона расмийлаштируви жараёнларининг шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид