Ўзбекистон | 18:13 / 05.04.2021
77260
2 дақиқада ўқилади

Гулжаҳон Йўлдошева ва бошқаларга суд ҳукми ўқилди

Тошкент вилояти собиқ бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева Жиноят кодексининг 3 та моддаси бўйича айбдор деб топилиб, унга нисбатан 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Шунингдек, у 3 йил муддатга мансабдор сифатида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.

Бугун, 5 апрель куни жиноят ишлари бўйича Чирчиқ шаҳар судида Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева ва бошқаларга нисбатан суд жараёнлари ниҳоясига етди.

Судланувчиларга нисбатан суд ҳукми ўқилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Суд ҳукмига кўра, Йўлдошева Гулжаҳон Тоировна ЖКнинг 167-моддаси 2-қисми «а, б, в, г» бандлари, 207-моддаси 3-қисми «а» банди ва 209-моддаси 2-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этган деб топилди.

Шифокор, шунингдек, ЖКнинг 25, 167-моддаси 3-қисми «а» банди билан ҳам айбланган эди, аммо у ушбу айблов бўйича суд томонидан ЖПКнинг 83-моддаси 1-қисмига асосан реабилитация қилинди.

Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида Гулжаҳон Йўлдошевага тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан 3 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатиладиган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Шифокорга соат 22:00 дан 06:00 га қадар яшаш жойидан чиқмаслик, маҳкумларни назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойидан ташқарига чиқмаслик ва яшаш жойини ўзгартирмаслик каби чекловлар белгиланди.

Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан, Гулжаҳон Йўлдошева 2020 йил 8 сентябрда ушланиб, суд ҳукми чиқарилган кун, яъни 2021 йил 5 апрелга қадар унга нисбатан қамоққа олиш ва уй қамоғи эҳтиёт чоралари қўлланилганини инобатга олиб, тайинланган озодликни чеклаш жазоси муддатидан 6 ой 27 кунни чиқариб, ўташ учун унга 3 йил 5 ой 3 кун муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Мавзуга оид