Ўзбекистон | 15:38 / 01.09.2022
25023
3 дақиқада ўқилади

Гулжаҳон Йўлдошева иши. Олий суд ҳукмни қисман бекор қилиб, ишни қайта кўришга юборди

Тошкент вилояти собиқ бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошеванинг апелляция аризасини кўриб чиқишда суд ЖПКнинг 6 та моддаси талабларини бузган. Олий суд шундай хулосага келди ва ишни қайта кўриб чиқишга юборди.

Архив фото: Kun.uz

2022 йил 15 август куни Ўзбекистон Олий судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанцияси Тошкент вилояти собиқ бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева ва бошқаларга оид жиноят ишини очиқ суд мажлисида кўриб чиқди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

2021 йилнинг 5 апрел куни жиноят ишлари бўйича Чирчиқ шаҳар судида Гулжаҳон Йўлдошева ва бошқалар устидан ҳукм ўқилган эди. Бу ҳукм билан Йўлдошева Жиноят кодексининг 3 та моддаси бўйича айбдор деб топилган ҳамда унга нисбатан 4 йил муддатга озодликни чеклаш ва 3 йил муддатга мансабдор сифатида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Тошкент вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг апелляция инстанцияси 2021 йил 23 ноябрда чиқарган ажрим билан, ҳукм қисман ўзгартирилиб, озодликни чеклаш жазоси муддати 2 йил 8 ой 10 кунга туширилган.

Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг ажримига кўра, апелляция инстанцияси суди ишни кўришда:

  • Жиноят процессуал кодексининг 22-, 23-, 95-, 112-, 464-, 467-моддаларида белгиланган талабларни бузган, яъни –
  • ҳақиқатни аниқлаш, айбсизлик презумпцияси принципларига ҳамда айблов ҳукми чиқариш асосларига риоя қилмаган;
  • жиноят содир этилишининг иш бўйича барча мумкин бўлган ҳолатларини текширмаган;
  • судланувчи, жабрланувчилар ва гувоҳларнинг кўрсатувларини, шунингдек, ҳар бир далилни ишга алоқадорлиги, мақбуллиги ва ишончлилиги нуқтаи назаридан баҳоламаган.

Шу ва бошқа қатор асослар туфайли Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг ажрими билан апелляция инстанцияси суди ажримининг Гулжаҳон Йўлдошева, Жаҳонгир Зиёдуллаев, Алишер Дадаматов ва Жанар Акимовга оид қисми бекор қилинди.

Жиноят ишининг бу қисми янгидан апелляция инстанцияси судида кўриш учун юборилди.

Эслатиб ўтамиз, Чирчиқ шаҳрида жойлашган Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасининг бош врачи лавозимида ишлаган, вилоятнинг собиқ бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева коронавирусга чалинган бемор ўлими ва 250 млн сўм бюджет маблағларини талон-торож қилганликда айбланиб, 2020 йилнинг 8 сентябр куни ҳибсга олинганди.

Қўлга олинишидан сал олдинроқ у Kun.uz'га мурожаат қилиб, шифохонага ускуналар ажратилмаётгани ҳамда ваъда қилинган мукофот пуллари берилмаётганидан шикоят қилганди.

Кейинчалик Гулжаҳон Йўлдошева қамоқдан озод этилди. Унга нисбатан қўлланилган қамоқ эҳтиёт чораси суд ажрими билан уй қамоғига алмаштирилди. 2020 йилнинг 27 ноябр куни жиноят ишлари бўйича Чирчиқ шаҳар судида у ва яна 4 нафар шахсга нисбатан жиноят иши бўйича суд бошланди.

Суд жараёнлари 4 ойдан кўпроқ давом этди ва 2021 йилнинг 5 апрел куни Гулжаҳон Йўлдошева ҳамда бошқаларга нисбатан дастлабки суд ҳукми ўқилди.

Мавзуга оид