09:19 / 08.04.2021
4238

Статистика ҳисоботларини электрон шаклда тақдим этиш тартиби тасдиқланмоқда

Фото: Fotolia

Статистика қўмитасининг “Статистика ҳисоботларини электрон шаклда тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Низом Ўзбекистон Республикасининг “Давлат статистика тўғрисида”ги, “Электрон рақамли имзо тўғрисида”ги, “Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида”ги қонунларига мувофиқ, интернет тармоғи орқали электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда электрон шаклда статистика ҳисоботларини тақдим этиш тартибини белгилайди.

Статистика ҳисоботи қуйидаги респондентлар томонидан тақдим этилади:

  • фаолият юритаётган респондентлар (фаолият кўрсатмаётган ва ҳаракатсизлардан ташқари);
  • янги ташкил этилган респондентлар биринчи маротаба белгиланган статистика ҳисоботи навбатдаги давридан бошлаб;
  • фаолияти тугатилган респондентлар фаолият юритган ҳисобот даври учун ўз фаолиятини тугатиш вақтида.

Статистика ҳисоботини электрон шаклда тақдим этиш респондентнинг ўз хоҳишига кўра ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда амалга оширилиши мумкин.

Статистика ҳисоботларини электрон шаклда тақдим этувчи респондентлар уларнинг қоғоз шаклидаги нусхасини тақдим этишга мажбур эмас.

Статистика ҳисоботларини электрон шаклда тақдим этмайдиган респондентлар учун уларни қоғоз шаклида тегишли статистика органига тақдим этишнинг амалдаги тартиби сақланиб қолинади.

Статистика органлари томонидан статистика ҳисоботини тақдим этишнинг белгиланган даврийлигидан кўпроқ даврийликда талаб қилинишига йўл қўйилмайди.

Электрон шаклдаги статистика ҳисоботи қоғоз ҳужжатга тенглаштирилади ва у билан бир хил юридик кучга эга ҳамда белгиланган тартибда архивда сақланиши лозим.

Электрон шаклдаги статистика ҳисоботининг сақланиш муддати қоғоз шаклидаги статистика ҳисоботлари учун белгиланган муддатдан кам бўлмаслиги керак.

Заруриятга кўра, статистика органи томонидан электрон статистика ҳисоботининг қоғоз шаклидаги нусхаси тайёрланиши мумкин, нусхада тегишли реквизитлар, тайёрланган вақти ва санаси кўрсатилади. Электрон статистика ҳисоботининг қоғоз шаклидаги нусхаси уни тайёрлаган статистика органи раҳбари томонидан имзоланади.

Респондентлар статистика ҳисоботини тақдим этиш ва қайта ишлаш бўйича махсус ахборот тизимидан Давлат статистика қўмитасининг электрон интерактив хизматлар порталида (my.stat.uz) автоматик тарзда яратилган шахсий кабинети орқали бепул фойдаланади.

Статистика ҳисоботи шаклига белгиланган тартибда ўзгартиришлар киритилган тақдирда, Давлат статистика қўмитаси тегишли электрон намунага зарур ўзгартиришларни киритиб, ўзининг расмий сайти орқали респондентни ўзгартиришлар тўғрисида хабардор қилади.

Статистика ҳисоботини электрон шаклда тақдим этиш учун респондент:

  • Давлат статистика қўмитасининг электрон интерактив хизматлар портали (my.stat.uz) орқали электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда ахборот тизимидаги шахсий кабинетига киради;
  • тегишли статистика ҳисоботи шаклини тақдим этиш даврийлиги ва белгиланган муддатидан кечиктирмай электрон статистика ҳисоботини шакллантиради ва Давлат статистика қўмитасига жўнатади.

Статистика ҳисоботини тақдим этиш муддатининг сўнгги куни дам олиш ёки байрам (ишланмайдиган) кунига тўғри келса, ундан кейин келадиган биринчи иш куни муддат тугайдиган кун деб ҳисобланади.

Top