Ўзбекистон | 17:56 / 09.04.2021
7932
3 дақиқада ўқилади

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқармаларида янги раҳбарлар иш бошлади

Соғлиқни сақлаш вазирлигида уч бошқарма - Даволаш-профилактика ёрдамини ташкиллаштириш бош бошқармаси, Соғлиқни сақлаш тизими инфратузилмасини ривожлантириш ва қурилишини ташкиллаштириш бошқармаси ҳамда Бирламчи тиббий профилактика ёрдамини мувофиқлаштириш бошқармасига янги раҳбарлар тайинланди.

Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғи билан Умидулла Раҳматуллаевич Рисқиев вазирликнинг Даволаш-профилактика ёрдамини ташкиллаштириш бош бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. 

Умидулла Рисқиев

Бунга қадар у Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси бош шифокори лавозимида фаолият кўрсатган.

Фалсафа фанлари доктори (PhD) Умидулла Рисқиев 1982 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 2006 йилда Тошкент тиббиёт академиясини тамомлаб, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида иш бошлаган. 

У ўз фаолияти давомида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида шифокор-хирург, марказнинг 1-шошилинч хирургия бўлими мудири, бош шифокорнинг хирургия бўйича ўринбосари, қабул ташхислаш бўлими мудири, даволаш ишлари бўйича директор ўринбосари каби масъулиятли вазифаларда ишлаб келган.

Баҳодир Раҳмонович Бўриев вазирликнинг Соғлиқни сақлаш тизими инфратузилмасини ривожлантириш ва қурилишини ташкиллаштириш бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди.

Баҳодир Бўриев

Бунга қадар у мазкур бошқармада  бошлиқ ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.
  
53 ёшли Б. Бўриев Тошкент давлат техника университетини тамомлаган бўлиб, кўпгина ташкилотларда масъул лавозимларда  фаолият юритган. 

2005 йил «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланган.

Авазбек Толмасович Усманов вазирликнинг Даволаш-профилактика ёрдамини ташкиллаштириш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари — Бирламчи тиббий профилактика ёрдамини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди. 

Авазбек Усманов

Тиббиёт фанлари номзоди А.Усманов 1974 йилда Қўқон шаҳрида туғилган. Ўз фаолиятини Қўқон шаҳридаги 1-сон шаҳар шифохонасида нейротравматология бўлимида стоматолог-хирург вазифасидан бошлаган. Кейинчалик Қўқон шаҳар шошилинч тиббий ёрдам шифохонасида нейротравматология бўлими стоматолог-хирурги, сўнг Қўқон шаҳар диагностика маркази бош шифокори вазифасида ишлаган. 

Мутахассис 2017 йилдан буён Қўқон шаҳар шошилинч тиббий ёрдам шифохонаси бош шифокори сифатида фаолият юритиб келган.

Моҳигул Тошназарова вазирликнинг Давлат тиббиёт ташкилотларида дори воситалари ва тиббий буюмларга бўлган эҳтиёжни шакллантириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари этиб тайинланди.

Моҳигул Тошназарова

М. Тошназарова 2014 йилда Тошкент фармацевтика институтини тамомлаган. Шу пайтга қадар «Қашқадарё дори-дармон» АЖда дорихоналарни назорат қилиш инспектори, ушбу муассаса бўлими бошлиғи лавозимларида фаолият юритган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид