Ўзбекистон | 21:57 / 12.04.2021
14396
2 дақиқада ўқилади

Хорижда пулсиз қолган Ўзбекистон фуқароларига қарз бериб турилади

Чет элдаги Ўзбекистон фуқаролари яшаш учун пулсиз қолганда, тегишли ҳудудий консулликка қарз сўраб мурожаат қилиши мумкин бўлди. Қарз 1 ойда қайтариш шарти билан берилади. Уни олиш 6 кунгача чўзилиши мумкин.

Фото: Сергей Савостьянов/ТАСС

Бугун, 12 апрел куни қабул қилинган ҳукумат билан, «Ўзбекистон фуқароларига хорижий давлат ҳудудида яшаш учун маблағларсиз қолган тақдирда, молиявий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланди.

Адлия вазирлиги хабарига кўра, эндиликда консуллик округи ҳудудига вақтинча кирган фуқаро яшаш учун пулсиз қолганда, муассасага молиявий ёрдам сўраб мурожаат қилиши мумкин.

Қарз 30 кун муддатга берилади. Уни олиш тартиби қуйидагича:

  • Фуқаро консулхонага ариза билан мурожаат қилади, аризасига бошқа зарур ҳужжатларни илова қилади. Консулхона 2 иш кунида аризадаги келтирилган асослар тўғрилигини текширади, аризачининг молиявий аҳволига баҳо беради.
  • Консулхона молиявий ёрдам кўрсатиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида хулоса тайёрлаб, Ташқи ишлар вазирлигига юборади.
  • Вазирлик 1 иш кунида қарз бериш ёки рад этиш тўғрисида консулхонага хат юборади.
  • Консулхона хатни олганидан сўнг 1 иш кунида фуқаро билан қарз шартномасини тузади. Озиқ-овқат маҳсулотлари, турар жой, кийим-кечак ва транспорт харажатлари учун тўлов ўтказади.

Ариза рад қилинганда, консуллик мансабдор шахси ариза берувчига рад этиш сабабларини кўрсатган ҳолда хабарнома юборади.

Қарз олган фуқаро 30 кунда республика бюджетига қарзни қайтаради.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид