Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Aэропортлар учун мол-мулк ва фойда солиғига оид имтиёзлар берилади
Давлат-хусусий шериклик асосида реконструкция қилинадиган аэропортлар учун мол-мулк ва фойда солиғи ставкаси камайтирилади. Бу 2021 йилнинг 29 март куни президентнинг «Республика аэропортларини бошқариш соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида назарда тутилган.
Қарорда қуйидагилар кўзда тутилган:
- Aэропортларда давлат-хусусий шериклик асосида реконструкция, модернизация, эксплуатация ва бошқариш лойиҳаларини амалга ошириш доирасида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим имзоланган кундан бошлаб уч йил муддатга айрим имтиёзлар тақдим этилади;
- хусусий шериклар ва аэропортлар фойда солиғини, шу жумладан, дивиденд тўлашда ушлаб қолинадиган фойда солиғини белгиланган ставканинг 50 фоизи миқдорида тўлайди;
- аэропортлар учун мол-мулк солиғининг белгиланган ставкаси 50 фоизга камайтирилади.
Бундан ташқари, хусусий шериклар, улар томонидан жалб қилинадиган лойиҳа ташкилотлари, операторлар, маслаҳатчилар, пудратчилар ва субпудратчилар:
- олиб кириладиган махсус транспорт воситалари, йўл-қурилиш техникаси, машиналар, механизмлар, ускуналар, хомашё, материаллар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар, узеллар, технологик ва лойиҳа ҳужжатлари, дастурий таъминот, жиҳозлар, шу жумладан, лойиҳани амалга оширишда иштирок этаётган пудрат қурилиш ташкилотларини жиҳозлашга мўлжалланган махсус йўл-қурилиш техникаси ва ускуналари учун божхона божидан;
- олиб кириладиган транспорт воситалари (енгил автомобиллардан ташқари) ва махсус техника учун утилизация йиғимидан озод қилинади.
Давлат-хусусий шериклик асосида реконструкция, модернизация, эксплуатация қилиш ва бошқариш лойиҳалари амалга ошириладиган аэропортларда халқаро ҳуқуқ-меъёрларга мувофиқ хорижий авиакомпаниялар учун рейслар ва йўналишлар бўйича чекловларнинг ўрнатилган тартибда бекор қилинишини кўзда тутувчи «Очиқ осмон» режими жорий этилиши ҳам назарда тутилган.
Aввалроқ 15 апрелдан бошлаб Ўзбекистон аэропортлари асосий йиғим ва тарифларни 27 фоизга пасайтириши ва бу Ўзбекистон аэропортларига мунтазам йўловчи рейсларини бажарадиган хорижий авиакомпаниялар учун қўлланиши маълум қилинган эди.
Шунингдек, Ўзбекистондаги илк хусусий авиакомпания 2та Airbus A320-214 самолётини рўйхатдан ўтказиши хабар қилинганди.