Жаҳон | 10:20 / 13.04.2021
26216
4 дақиқада ўқилади

Россия Туркия билан авиақатновларни тўхтатди. Бу орқали ярим миллион россияликнинг режалари бузилди

15 апрелдан Россиядан Туркияга парвозларга тақиқ қўйилади. Коронавирусга қарши кураш тезкор штаби тақиқнинг расмий сабаби сифатида Туркияда эпидемиологик вазият ёмонлашганини келтирган: сўнгги кунларда ушбу мамлакатда кунига 50 мингдан ортиқ янги касалланиш ҳолатлари қайд этилмоқда.

Фото: Sedat Suna / EPA / Scanpix / LETA

Россия ҳукумати 2021 йил 15 апрелидан 1 июнигача Туркия билан чартер ва доимий авиақатновларни чеклади. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари - коронавирусга қарши кураш бўйича тезкор штаб раҳбари Татьяна Голикова 12 апрель куни эълон қилди. Туроператорларга бу вақт мобайнида Туркияга саёҳат учун чипталар сотишни тўхтатиш тавсия этилган. Бундан ташқари, штаб «эпидемиологик маълумотлар таҳлилига асосланган ҳолда» Танзания билан авиақатновларни ҳам 1 июнга қадар тўхтатишга қарор қилган.

Москва ва Истанбул ўртасида ҳафтасига иккита доимий рейс амалга оширилиши давом этади. Бундан ташқари, авиакомпанияларга россиялик сайёҳларни олиб қайтишга, шунингдек, «Аккую» АЭС қурилишидаги ишчиларни ташиш учун рухсат берилган. Айни вақтда Туркия ёки Танзанияда бўлиб турган Россия фуқаролари таътилни давом эттириши ва чартер рейс билан қайтиши мумкин. «Ростуризм» сайёҳлар эвакуация қилинмаслигини маълум қилган. 1 июнга қадар турлар сотиб олган сайёҳларга дам олиш учун йўналишни ўзгартириш ёки сафарни кейинроққа қолдириш тавсия этилган.

«Роспотребнадзор» раҳбари Анна Попованинг маълум қилишича, Россияда четдан кириб келаётганларда коронавирус қайд этилиши билан боғлиқ ҳолатларнинг 80 фоизи Туркия ҳиссасига тўғри келади. У 2020 йил 1 августидан буён юритиб келинган статистик маълумотларни келтирган. Унинг сўзларига кўра, март ойида Туркияда эпидемиологик вазият кескин ёмонлашган, мамлакатнинг ҳар бир вилоятида коронавируснинг «британча» штамми қайд этилган, бу республикада бўлган россияликлар «турли хил мутацияланган штаммлар» олиб келмоқда. Аввалроқ Попова хориждан қайтган россияликларнинг 1 фоизида коронавирус аниқлангани ҳақида айтганди - бу 2021 йил бошидан буён 25 минг киши дегани.

500 мингдан ортиқ россиялик 15 апрелдан 31 майгача бўлган давр учун Туркияга саёҳат чипталарини олдиндан банд қилиб қўйган. Бу ҳақда Россия туроператорлари уюшмаси (АТОР)ижрочи директори Майя Ломидзе маълум қилди. У «Интерфакс»га берган интервьюсида аниқлик киритишича, 500  минг киши йўлланаларни йирик туроператорлардан сотиб олган, яна 100 минг киши бошқа йўналишлар ёпилгани туфайли йўналишни Туркияга ўзгартириш учун ўрта ва кичик даражадаги туроператорларга мурожаат қилган. Шу билан бирга, ТАСС агентлиги Россия туроператорлари уюшмасига асосланиб маълумот беришича, яқин бир ярим ой учун Туркияга чипта олган жами сайёҳлар сони 533 200 кишини ташкил этади. Туркияга 1 июнга қадар брон қилинган турлар қиймати 32 миллиард рублга баҳоланган. Бундан ташқари, апрел ойи ўрталаридан май ойи охиригача 5-6 минг тур брон қилинган.

Россия туризм саноати иттифоқи матбуот котиби Ирина Тюринанинг фикрича, эндиликда россиялик сайёҳларда майдаги таътилларни қаерда ўтказиш бўйича муаммолар юзага келиши мумкин. Унинг сўзларига кўра, «май ойи учун Сочи ва Қримдаги барча яхши жойлар банд қилиб бўлинган». «Интерфакс» маълумотига кўра, май байрамларини Туркияда ўтказиш учун 200 минг россиялик чипта харид қилганди. Иттифоқдагилар Турцияга сафарларнинг бекор қилинишини туристик бизнес учун «янги оғир зарба» деб баҳолашмоқда. «Ростуризм» туроператорлар давлат томонидан молиявий кўмак кўрсатилишига умид қилишмоқда.

2020 йилнинг 1 августида Туркия ва Танзания чегараларнинг тўрт ойлик ёпиқлигидан сўнг Россия билан доимий рейсларни тиклаган биринчи давлатлардан бўлганди. Аввалига ҳукумат Туркиянинг йирик шаҳарлари Анқара ва Истанбулга, кейин курорт шаҳарлар — Анталья, Бодрум ва Даламан шаҳарларига парвозларни амалга оширишга рухсат берганди. Апрелгача Туркияга Россиянинг 25 шаҳридан, шу жумладан, Москва ва Петербургдан рейслар амалга оширилган.

Мавзуга оид