13:47 / 15.04.2021
1549

Ҳуррият - Қаршининг чанг кўчаси дастур ижросини кутмоқда

Қарши шаҳар Қўрғонча маҳалла Ҳуррият кўчасида яшовчи фуқаролар Kun.uz'га мурожаат йўллашди. Унда ёзилишича, 2019-2020 йилларда кўча асфальт қилиш давлат дастурига киритилган. Бироқ икки йил ичида ҳам иш бажарилмаган.

Kun.uz мухбири ҳолатни ўрганиш учун борди. Маълум бўлишича, Ҳуррият кўчаси «Инфратузилмани ривожлантириш бўйича Қарши шаҳрининг 2020 йилда Инвестиция дастурига киритилиши лозим бўлган ички йўллари тўғрисида» қўшимча манзилли дастурга киритилган. Дастур Қарши шаҳар ҳокими Н.Холбоев томонидан тасдиқланган.

«Бу кўчага кўчиб келганимизга 30 йил бўлди. Шунча йиллар давомида бирор марта асфальт қилинмаган. Газ, электр бор. Ўтган йили асфльтлаш дастурга киритилган экан, лекин қилинмади. «Milliy», «MY5», «Qashqadaryo» телевиденияларида ҳам ёритилди. Лекин натижа йўқ. Юқори ташкилотларга мурожаат қиляпмиз, ҳеч ким эътибор қилмаяпти. Ўтган йили декабрь ойида шаҳар ҳокимиятидан Ғайрат Султонов исмли масъул келди. Ерлар қуриганидан асфальт юбораман, эркакча «гурунг», деб кетди. Ерлар қуриганда эса яна йўқ. Яқинда хат билан мурожаат қилсак, 2021-2022 йилги дастурга таклиф берилган деб жавоб ёзди», - дейди Рауф Нуриллаев.

Рауф Нуриллаев

«Кўчамизни асфальт қилиш 2020 йилда дастурга киритилганди. Нима сабаб бўлди, балким пандемия туфайлидир қилинмай қолиб кетди. Бошқа дастурга киритилган-киритилмаган кўчалар асфальтланди. Биз ҳокимиятга мурожаат қилсак, 2021 йилги дастурда йўқлигини айтишмоқда», - дейди Салима Эргашева.

Салима Эргашева

«Ҳуррият кўчаси 2019-2020 йилда дастурга киритилганди, лекин бажарилмади. Ёнимиздаги Зарбанд кўчаси икки йил аввал асфальтланган, лекин бу йил яна дастурга киритилган. Нега бир кўча икки марта дастурда? Бизнинг кўча эса ҳамон дастур ижросини кутмоқда» - дейди Файзулла Ҳасанов.

Файзулла Ҳасанов

Ушбу ҳолат бўйича Қарши шаҳар ҳокими ўринбосари Ғайрат Султонов билан боғландик:
«Пандемия туфайли ушбу кўча асфальтланмай қолди. Бу йилги дастурга 700 метр жойни таклиф берганмиз. Дастурга киритилса, бажарамиз. Ҳозир ҳеч қандай ҳужжат тақдим этолмаймиз», - дейди Ғ.Султонов.

Қарши шаҳридаги дастурга киритилган кўчаларга эътибор шу бўлса, бошқа ҳудудлардаги дастурга киритилган лойиҳаларга ҳам эътибор қаратиш лозимга ўхшайди.

Ўролжон КАМОЛОВ

Top