Ўзбекистон | 21:03 / 15.04.2021
19533
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонликлар IELTS'да ўртача неча балл олиши маълум қилинди

IELTS халқаро имтиҳонини Ўзбекистонда топширувчилар қайд этган ўртача натижа – 5,7 балл. Бу борада мамлакат 34-ўринда туради.

Фото: Getty Images

Таққослаш учун, Қозоғистонда бу кўрсаткич 6,1, Россияда 6,7 баллни ташкил этади. Эслатиб ўтамиз, инглиз тилини билиш кўникмаларини баҳоловчи ушбу имтиҳонда максимал балл 9га тенг.

Бу ҳақда Ёшлар ишлари агентлиги матбуот котиби Нодир Абдуқодиров 15 апрел кунги брифингда маълумот берди.

Маълум қилинишича, агентлик халқаро имтиҳон тизимларида юқори балл олган ёшларнинг имтиҳон топшириш харажатларини қоплаб бериш учун 2021 йилда жами 5 млрд сўм сарфлаши кўзда тутилган.

Нодир Абдуқодиров «Халқаро имтиҳон тизимлари бўйича юқори балл (даража) олган ёшларга имтиҳон топшириш харажатларини тўлиқ қоплаб беришнинг маъмурий регламенти»нинг айрим жиҳатларига тўхталди.

«Муқаддам имтиҳонларнинг бир тури бўйича имтиҳон топшириш харажати компенсациясини олган ариза берувчига имтиҳонларнинг айнан шу тури бўйича такроран топширилган имтиҳон харажати қопланмайди.

Аниқлаштириб ўтамиз: имтиҳонларнинг бошқа тури бўйича минимал кўрсаткич ёки ундан юқори натижа қайд этилса, унга регламент талабларига мувофиқ, компенсация тўлаб берилади.

16 ёшга тўлмаган фуқароларнинг имтиҳон топшириш харажатини компенсация қилишини сўраб, ушбу фуқароларнинг қонуний вакиллари мурожаат қилишлари мумкин.

Бунда компенсация ушбу регламент талабларига мувофиқ, 16 ёшга тўлмаган фуқароларнинг қонуний вакилларига тўлаб берилади.

Компенсация олиш учун имтиҳон топшириш вақтида 31 ёшга тўлмаган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек, 16 ёшга тўлмаган қонуний вакиллар орқали мурожаат қилиши мумкин», – деди Ёшлар ишлари агентлиги матбуот хизмати раҳбари Нодир Абдуқодиров.

Мавзуга оид