Ўзбекистон | 15:14 / 15.04.2021
8589
4 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ишларни кўздан кечирди

Зиёратгоҳнинг янги мажмуаси қурилиши бошланди.

Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йилда Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини кенгайтириш зарурлигини таъкидлаган эди. Бу жой Имом Бухорийнинг илмига, ислом оламидаги мақомига муносиб бўлиши кераклиги, мамлакатда зиёрат туризмининг асоси аслида шу ерлиги, бу масканга қанча зиёратчилар келсаям, қулай шароит бўлиши зарурлиги таъкидланганди.

Шунга мувофиқ, мажмуанинг янги лойиҳаси ишлаб чиқилди. Президент ҳузурида бир неча бор тақдимот қилиниб, такомиллаштирилди. Жаҳон тажрибаси ҳам ўрганилди.

2021 йил муборак Рамазон кунларида ушбу зиёратгоҳнинг қурилиши бошланди. Шу муносабат билан бу ерда нуронийлар ва зиёлилар билан учрашув бўлди.

Шавкат Мирзиёев мўмин-мусулмонларни, бутун халқимизни муборак Рамазон ойи билан муборакбод этди.

«Рамазон ойи – эзгу ниятлар ижобат бўладиган муқаддас ой. Бу қурилишни шу ойда бошлаётганимиз ҳам хайрли, хосиятли бўлади, қалбимизга таскин беради. Бу соҳада қилаётган ишларимиздан мақсад – исломга эътиқодимизни, аллома боболаримизга ҳурматимизни илм билан билдириш. Аждодларимизга муносиб бўлиш биз учун жуда катта бурч», – деди Шавкат Мирзиёев.

Ўтган йили пандемия туфайли Рамазон ойида диний амалларни уйда бажаришга тўғри келгани ёдга олинди. Бу йил эса масжидларимиз очиқ, мўмин-мусулмонлар карантин қоидаларига қатъий амал қилиб, ибодатларини адо этмоқда. Кексалар, ногирон ва ёрдамга муҳтож инсонлар, кам таъминлаган оилаларга беғараз кўмак кўрсатилмоқда. Айниқса, бутун дунё оғир инқирозни бошидан кечираётган ҳозирги мураккаб вазиятда бу жуда муҳимлиги таъкидланди.

«Муқаддас динимиз бизни инсонпарварликни, тинчлик ва осойишталикни қадрлаб яшашга, меҳр-оқибатли бўлишга даъват этади. Мана шундай тушунча ва қараш билан ҳар бир оила ва маҳаллада, бутун жамиятимизда тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга эриша оламиз. Такрор айтаман, тинчлик ва соғлик бўлса, қолган ҳамма нарса бўлади», – деди Шавкат Мирзиёев.

Иш ўринларини кўпайтириб, аҳоли фаровонлигини ошириш, турмуш шароитларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида сўз юритилди.

«Тўрт йиллик изланиш, янгиланиш ва синовлардан ўтиб, катта тажриба орттирдик. Халқимизни ҳаётдан рози қилишга қаратилган ишларимиз бундан кейин ҳам изчил давом эттирилади. Рамазон ойининг олижаноб ғоялари, муқаддас амаллари ҳам ана шундай эзгу мақсадларимизни рўёбга чиқаришда мустаҳкам замин бўлади», – деди президент.

Қуръон оятларидан ўқилиб, дуо қилинди.

Давлат раҳбари мажмуада амалга оширилаётган ишларни кўздан кечирди.

Бу ерда катта масжид, тўртта симметрик минора, баланд айвонлар, йўлдан кириб келишда хиёбон бўлади. Кўп сонли зиёратчиларга замонавий қулайликлар яратиш учун 7 та меҳмонхона, 3 та автотурургоҳ ва автобекат, супермаркет, бозорча барпо этилади. Шунингдек, ошхоналар, ҳунармандчилик буюмлари растаси, ҳаммом, таҳоратхона, кушхона қурилиши белгиланган.

Маълумки, президент ташаббуси билан 2019 йилда бу ерда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Ҳадис илми мактаби ҳам ташкил этилган эди. Қурилажак янги мажмуа улар билан мутаносибликда улкан маскан ҳосил қилади. Энди бу ерда зиёратчилар учун ҳамма шароитлар бўлади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид