Ўзбекистон | 18:15 / 18.04.2021
106949
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда карантин қоидалари кучайтирилди

Ўзбекистонда коронавирус юқтириш ҳолатлари кескин ошаётгани сабабли 18 апрелдан карантин назорати кучайтирилди, умумий овқатланиш муассасаларида ва автобусларда ўринлар 50 фоизгача чекланди. Шунингдек, 1 майдан концерт ва томошалар каби оммавий тадбирларни ёпиқ маданият саройларида ўтказиш чекланади.

17 апрел куни бош вазир Абдулла Арипов Республика махсус комиссиясининг кенгайтирилган йиғилишида Ўзбекистонда 18 апрелдан коронавирус туфайли жорий этилган карантин чекловлари кучайтирилиши ҳақида маълум қилди.

Назорат кучайтирилиши
ИИВ, Миллий гвардия, Санитария эпидемиология хизмати, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги жамоат жойларида ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, шахсий гигиена қоидаларига риоя этиш, қўлларни антисептик билан зарарсизлантириш тадбирлари назоратини кучайтиради ва қоидабузарларга нисбатан қатъий жавобгарлик чоралари кўрилишини таъминлайди. Карантин қоидасини бузганлар қатъий жавобгарликка тортилади, жарималар қўлланади.

Жамоат транспорти
Вокзал ва аэропортларда карантин талабларига риоя этилиши устидан назорат кучайтирилади. Транспорт вазирлиги ва Санитария эпидемиология хизмати жамоат транспортлари тизимини 50 фоиз миқдорида йўловчилар ташилишини ва шу мақсадда йўналишли транспорт воситалари сонини ошириш ҳамда охирги бекатда дезинфекция ишларини амалга оширилишини таъминлайди. Темир йўл вокзаллари, аэропортларда карантин қоидаларига амал қилинишини қатъий назоратга олинишини таъминлайди.

Таълим муассасалари
Мактабгача таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Санитария эпидемиология хизмати билан биргаликда коронавирус аниқланган ҳар бир мактабгача таълим, умумтаълим муассасалари, коллеж, лицей ва олий ўқув юртларининг фаолиятини икки ҳафтага тўхтатиш ҳамда ўқиш икки ҳафта онлайн режимида амалга оширилишини таъминлайди.

Жамоат жойлари
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, барча ташкилот, корхона ва муассасалар, йирик савдо мажмуалари, супермаркетлар, кўнгилочар муассасалар кириш қисмида ниқобда бўлиш, тана ҳароратини ўлчаш, қўлларни антисептик билан зарарсизлантириш амалиётига риоя этилишини қатъий таъминлаши лозим бўлади. Карантин қоидаларига риоя этмаган муассасалар фаолияти вақтинча ёпилиши мумкин.

Овқатланиш жойлари
Кафе ва бошқа умумий овқатланиш объектларида уларнинг сиғимини 50 фоиздан ортиқ бўлмаган ҳолатда фаолият юритиши лозим, лекин максимал сони 100 кишидан ортиши керак эмас.

Томоша тадбирлари
Карантин назорати концертлар ва бошқа кўнгилочар томоша тадбирлари бўйича ҳам кучайтирилади. 1 майдан концерт-томошаларни ёпиқ маданият саройларида ўтказиш чекланади.

Тўйлар ва ифторликлар
ИИВ, Миллий гвардия, Санитария эпидемиология хизмати, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Дин ишлари бўйича қўмита, Мусулмонлар идораси тўй ва бошқа маросимларда 100 кишидан ортиқ бўлмаслик, ифторлик маросимларини фақат оила даврасида ўтказиш, масжидларда жамоат намозлари, хусусан, Рамазон ойи муносабати билан таровиҳ намозларини масжидларнинг очиқ ҳаводаги майдонларида тиббий ниқобда бўлиш ҳамда оралиқ масофани сақлаган ҳолда ташкил этишни таъминлайди.

Уйдаги карантин
ИИВ, Миллий гвардия, Санитария эпидемиология хизмати, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, маҳалла идоралари билан биргаликда уй шароитларида даволанаётган беморларнинг хонадонларида карантин қоидаларига амал қилиниши устидан қатъий назорат қилади.

Мавзуга оид