Ўзбекистон | 10:57 / 22.04.2021
2151
2 дақиқада ўқилади

Корея компанияси Қўқонда К-Town мажмуасини қуради

Фарғона вилояти ҳокимлигида Кореянинг йирик иншоот компанияси бўлган Hanshin Engineering & Construction ижрочи директори Чой Мун Кю ҳамда Корея-Ўзбекистон Бизнес ассоциацияси раҳбари Эдвард Ким билан учрашув бўлиб ўтди, дея хабар беради Kun.uz мухбири.

Маълум бўлишича, учрашувда Hanshin Engineering & Construction томонидан Қўқон шаҳрида барпо этилиши режалаштирилаётган К-Town шаҳарчаси лойиҳаси муҳокама қилинган.

Таъкидланишича, Корея технологиялари асосида қад ростлайдиган ушбу мажмуа, остки қисмида икки этажли автотураргоҳлар мавжуд 9-16 қаватли турар жойлар, мактаб, болалар боғчаси, парклар, яшил майдонлар, спорт майдончаларини ўз ичига олади.

Қурилиш ишларига 2021 йил август ойида тамал тоши қўйилиши режалаштирилган. Мажмуа лойиҳаси 4 босқичда амалга оширилади. 

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бугунги кунда турар жойларга талаб кун сайин ортиб бораётганини билдириб, мажмуа қурилиши сифатига таъсир этмаган ҳолда, амалга ошириш даврини қисқартириш бўйича таклифларини айтиб ўтган.

Маълумот учун, 1950 йилда ташкил этилган Hanshin Engineering & Construction компанияси, Кореяда кўплаб йирик лойиҳаларни, шу жумладан, Инчхон аэропорти лойиҳасини амалга оширган. Компания Саудия Арабистони, Хитой, Кувайт, Камбоджа, Филиппин ва бошқа кўплаб мамлакатларда ҳам йирик қурилиш лойиҳаларига ўз имзосини қўйган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид