Ўзбекистон | 23:59 / 22.04.2021
5127
1 дақиқада ўқилади

Кореяда Ўзбекистон фуқаролари учун доимий консултация хизмати ишга тушади

Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги элчихонаси Southwest Seoul Global Center хорижий фуқароларни қўллаб-қувватлаш маркази билан ҳамкорлик бўйича англашув меморандумини имзолади. Бу ҳақда Kun.uz'нинг Жанубий Кореядаги мухбири хабар бермоқда.

Southwest Seoul Global Center маркази Кореяда бўлиб турган чет элликларга ҳуқуқий, меҳнат ва оила муносабатлари, миграция масалаларида беғараз ёрдам ва маслаҳатлар беришга ихтисослашган.

Марказда хорижий фуқароларга бепул тиббий хизмат кўрсатиш, корейс тили ўқув курсларини ташкил этиш, маданий ташкилотларга турли тадбирларни ўтказишда кўмаклашиш ва хориж фуқаролари учун адвокат ёрдамини тақдим қилиш каби хизматлар кўрсатилади.

Марказ раҳбари Ким Донг Хун Ўзбекистон томони билан ишлаб чиқилган ушбу меморандум компания учун чет элчихонаси билан имзоланган биринчи келишув ҳисобланишини таъкидлади.

Унинг маълум қилишича, эндиликда марказда Ўзбекистон фуқаролари учун алоҳида телефон орқали ўзбек тилида доимий маслаҳат бериш хизмати йўлга қўйилади.

Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси ушбу меморандумда белгиланган чора-тадбирлар ва янги имкониятлар ҳақида ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали қўшимча маълумот берилишини маълум қилди.

Феруза Авазова
Тайёрлаган Феруза Авазова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид