Жаҳон | 23:49 / 23.04.2021
6451
2 дақиқада ўқилади

Байден илк хорижий сафарини Британия ва Бельгияга амалга оширади

АҚШ президенти Жо Байден президент сифатидаги илк хорижий сафарини июнда амалга оширади. У йўл оладиган илк хорижий давлатлар Британия ва Бельгия бўлади.

Фото: AFP/Getty Images

«Ушбу сафар Байденнинг иттифоқдошларимизни тиклаш, трансатлантик муносабатларни жонлантириш ва глобал муаммоларни ҳал қилиш ҳамда Америка манфаатларининг янада ишончлироқ ҳимояси учун иттифоқдошларимиз ва кўп томонлама ҳамкорларимиз билан яқин ҳамкорликда ишлаш тарафдори эканини кўрсатади», деб маълум қилинган Оқ уйда.

Британияда Байден 11–13 июн кунлари Корнуоллда ўтадиган G7 саммитида иштирок этади. Бу ерда АҚШ президентининг «Катта еттилик» давлатлари етакчилари билан икки томонлама учрашувларини ўтказиш ҳам режалаштирилган.

 Сўнгра Байден 14 июнда ўтадиган НАТО саммитида иштирок этиш учун Бельгияга йўл олади. Алянс етакчилари НАТО таҳдидларга қандай жавоб бериши кераклиги ҳамда алянс ичидаги харажатларни самарали тақсимлаш масаласини муҳокама қилишади.

Бундан ташқари, Байден Европа Иттифоқи–АҚШ саммитида иштирок этади. Саммитда глобал хавфсизлик, соғлиқни сақлаш, жаҳон иқтисодиётини тиклаш, рақамли ва савдо ҳамкорлигини кенгайтириш, иқлим ўзгариши, демократияни мустаҳкамлаш ва умумий ташқи сиёсий муаммоларни ҳал қилиш масалалари муҳокама қилинади.

Мавзуга оид