Жаҳон | 07:06 / 23.04.2021
8649
2 дақиқада ўқилади

Чехия Россия элчихонасининг яна 63 ходимини ўз ҳудудидан чиқариб юборади 

Фото: EPA

Чехия ташқи ишлар вазири Якуб Кулганекнинг таъкидлашича, Россия элчихонасининг яна 63 ходими ва уларнинг оила аъзолари Чехияни тарк этиши керак.  

Вазирнинг таъкидлашича, ушбу чора Чехиянинг Москвадаги ва Россиянинг Прагадаги элчихоналари ходимлари сонини бараварлаштиришга имкон беради. 

«Мақсад – россияликлар ёки Россия халқи эмас. Бу Россия разведка хизматлари ҳаракатларига муносабатдир», деб Россия элчихонаси ходимлари сони қисқартирилишини тушунтирган Кулганек. 

Унинг айтишича, шундан кейин икки давлат элчихоналарида 7 нафардан дипломат ва 28 нафардан ёрдамчи ходим қолади. 

Расмий Москва Праганинг россиялик дипломатларга нисбатан янги хатти-ҳаракатлари юзасидан Чехия элчиси Витезслав Пивонкага норозилик билдирди ва жавоб чоралари кўрилишидан огоҳлантирди. 

Москвада таъкидланишича, «Чехия турли баҳоналар билан Россияга қарши кампанияни авж олдирмоқда ва бу ҳаракатлари билан икки томонлама муносабатларни барбод қилмоқда». 

Жорий ҳафта бошида Чехия Москвани 2014 йилда Врбетица қишлоғида жойлашган ўқ-дори омборидаги портлашга алоқадорликда айблаб, 18 россиялик дипломатни ўз ҳудудидан чиқариб юборишини эълон қилди. Прага уларни Россия махсус хизматларига ишлашда гумон қилмоқда. Россия бунга жавобан ўз ҳудудидан 20 нафар чехиялик дипломатни чиқариб юборишини маълум қилган. 

Москва ўзига қўйилаётган айбловни рад этмоқда.  

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид