Ўзбекистон | 16:16 / 26.04.2021
8356
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Тожикистон бош вазирлари Хўжандда учрашди

Жорий йил 24 апрел куни Хўжанд шаҳрида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва Тожикистон бош вазири Кохир Расулзода бошчилигидаги ҳукумат делегацияларининг учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Учрашув чоғида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ўртасидаги очиқ, ишончли ва конструктив мулоқот икки томонлама муносабатларнинг кўп қиррали стратегик шерикликнинг янги босқичига кўтарилишига, дўстлик муҳитини мустаҳкамлашга ва икки қардош халқ ўртасидаги ўзаро тушунишга ҳисса қўшгани таъкидланди.

Томонлар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилда Тожикистонга бўладиган ташрифига тайёргарлик кўриш нуқтайи назаридан икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва янада кенгайтиришнинг кенг доирадаги масалаларини муҳокама қилди.

Музокаралар давомида томонлар товар айирбошлашни янада ошириш, саноат кооперациясини мустаҳкамлаш бўйича қўшма чора-тадбирлар, транспорт, алоқа ва сув-энергетика соҳасидаги ўзаро алоқалар, минтақалараро ҳамкорликни янада ривожлантириш учун потенциал имкониятларни кўриб чиқди.

Бундан олдин, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг таклифига биноан 10-12 июн кунлари расмий ташриф билан Душанбеда бўлиши хабар қилинганди.

Мавзуга оид