Қудратли давлатларнинг 2020 йилги ҳарбий харажатлари маълум қилинди
Ҳатто пандемия даврида ҳам глобал миқёсда ҳарбий харажатлар ўсишда давом этди. Инсониятнинг бир йиллик мудофаа харажатлари 2 триллион долларга етай деб қолди.
2020 йилда глобал миқёсда ҳарбий мақсадларда сарфланган маблағлар ҳажми 1,98 триллион долларни ташкил этган. Бу ҳақда Стокҳольм Халқаро тинчлик тадқиқотлари институти (SIPRI) маълум қилди.
1,98 трлн доллар – 2019 йилдаги кўрсаткичга нисбатан 2,6 фоизга кўп.
2020 йилдаги жами ҳарбий харажатларнинг 62 фоизи 5 та давлат ҳиссасига тўғри келади: АҚШ, Хитой, Ҳиндистон, Россия ва Буюк Британия.
- АҚШ – 778 млрд доллар;
- ХХР – 252 млрд доллар;
- Ҳиндистон – 72,9 млрд доллар;
- Россия – 61,7 млрд доллар;
- Буюк Британия – 59,2 млрд доллар.
Хитой ҳарбий харажатлари сўнгги 26 йилдан бери муттасил ошиб бораётгани диққатга молик.
Тадқиқотчилар урғу бераётган яна бир факт: Пандемиянинг биринчи йилида глобал ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) 4,4 фоизга қисқарган пайтда ҳам, ҳарбий соҳага ажратилган маблағлар ошган.
Натижада, ҳарбий харажатларнинг глобал ЯИМдаги улуши 2019 йилдаги 2,2 фоиздан 2,4 фоизга етган.
Қайд этилишича, ўтган йил давомида Чили ва Жанубий Корея каби мамлакатларда ҳарбий бюджет қайта тузиб чиқилган, Бразилия ва Россияда эса ҳарбий соҳа маблағлари қисқартирилган. Хусусан, Россия мудофаа мақсадларига бюджетдаги режадан 6,6 фоизга камроқ пул ишлатган.
«Пандемия 2020 йилда глобал ҳарбий харажатларга сезиларли таъсир кўрсатмаганини кузатишимиз мумкин. Давлатлар пандемиянинг иккинчи йили давомида ушбу даражадаги ҳарбий харажатларни сақлаб қоладими ёки йўқми, буни аниқ айтиш қийин», – деди SIPRI Қурол ва ҳарбий харажатлар дастури тадқиқотчиси доктор Диего Лопес да Силва.
2020 йилда Қўшма Штатлар ҳарбий харажатлари тахминан 778 миллиард долларни ташкил этиб, 2019 йилга нисбатан 4,4 фоизга ўсган.
Бу – бутун дунёдаги ҳарбий соҳага жалб қилинган маблағларнинг 39 фоизини ташкил этмоқда.
АҚШ ҳарбий харажатларида 7 йиллик камайишдан кейин охирги уч йил давомида кетма-кет ўсиш тенденцияси кузатилмоқда.
«АҚШ ҳарбий харажатларининг сўнгги пайтдаги ўсиши, авваламбор, тадқиқот ва ривожлантиришга катта сармоялар киритилиши ва АҚШ ядровий арсеналини модернизация қилиш ва кенг кўламли қурол-яроғ сотиб олиш каби узоқ муддатли лойиҳалар билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Шунингдек, Хитой ва Россия сингари стратегик рақобатчилар томонидан бўлаётган потенциал таҳдидлар Трамп маъмуриятини соҳага маблағ жалб қилишни оширишга мажбур қилган», – таъкидлайди SIPRI тадқиқотчиси Александра Маркштайнер.
Хабар қилинишича, НАТОнинг деярли барча аъзолари 2020 йилда ўзларининг ҳарбий харажатларини оширишган. Ташкилотнинг 12 та аъзоси ўзларининг ҳарбий хизматларига ЯИМнинг 2 фоизини ёки ундан кўпроқ маблағ сарфлаган.
Мавзуга оид
23:22 / 22.11.2024
КХДР ўз аскарларини Украина урушига юборгани эвазига Россиядан ҳаво ҳужумидан мудофаа воситаларини олган
22:51 / 22.11.2024
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
21:54 / 22.11.2024
«Крепкий орешник»: Путин тутиб қолиш имконсиз эканини айтган янги ракета ҳақида нималар маълум?
21:25 / 22.11.2024