23:47 / 29.04.2021
83796

Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги порох бочкаси. Тўқнашувлар тарихи

Қирғиз-тожик чегарасида навбатдаги қуролли тўқнашув бўлиб ўтди, икки томон ҳам зиддият ҳудудига ва бутун чегара бўйлаб ҳарбийлари ва ҳарбий техникаларини силжита бошлади. Кун охирига келиб томонлар ўт очишни тўхтатишга келишди.

Икки мамлакат аҳолиси ўртасидаги навбатдаги низо Тожикистон томони Исфара дарёси юқори оқимидаги «Бош» сув тақсимлаш пунктидаги сув тақсимотини назорат қилмоқчи бўлгани туфайли бошланди. Қирғизистоннинг чегара отряди ва Боткен вилоятидаги полиция ходимлари видеокамераларни ўрнатишни тўхтатишни талаб қилди. Тожикистон бу ҳудудни ўзиники деб ҳисоблайди, Қирғизистон эса баҳсли ҳудуд сифатида билади.

Тожикистон фуқаролари Қирғизистоннинг икки туманини ўзаро боғлаб турадиган автойўлни ёпиб қўйди, қирғизлар эса Тожикистоннинг Ворух анклав ҳудудига олиб борадиган йўлни тўсди. Куннинг иккинчи ярмига келиб вазиятга ҳарбийлар аралашди.

Қирғизистон давлат чегара хизмати матбуот маркази маълумотига кўра, маҳаллий вақт билан соат 13:00дан кейин тожик томони чегарадаги «Қапчиғай», «Мингбулоқ», «Дўстлик» заставаларига, шунингдек, «Хўжагар» ва «Булоқбоши» чегара постларига қарата ўт оча бошлади. Миномётдан берилган зарбалар оқибатида Боткен чегара отрядининг «Дўстлик» чегара заставасида ёнғин чиқди.

Матбуот хизмати вакилининг сўзларига кўра, «тожикистонлик ҳарбийларнинг ҳаракатига жавобан Қирғизистон Республикаси миллий хавфсизлик хизмати қўмитаси чегара хизматининг «Бору» махсус отряди Тожикистон Республикасининг «Хўжа аъло» чегара заставасини эгаллаб олган».

«Қирғиз-тожик давлат чегарасининг бутун периметри бўйлаб икки томон ҳам қўшимча куч ва воситаларини ҳаракатга келтирган», дейилган вазирлик хабарида.

Қирғизистон ҳукуматининг Боткен вилояти бўйича махсус вакили Ўмурбек Сувоналиевнинг «Интерфакс»га маълум қилишича, Боткен вилоятининг Тожикистон билан чегарадош бўлган яна бир тумани Лайлакда ҳам қуролли тўқнашувлар бўлиб ўтган.

«Кулунду ва Максат қишлоқлари яқинида Тожикистон қуролли кучлари билан қуролли тўқнашувлар бошланди. Ҳозирча жабрланувчилар ҳақида маълумотлар келиб тушмаган. Тожикистон томонидан берилган артиллерия зарбаларидан кейин чегара заставасида ёнғин чиққан», деган Сувоналиев.

Пайшанба куни кечга яқин Қирғизистон ТИВ томонлар маҳаллий вақт билан соат 20:00да ўт очишни тўхтатиш борасида келишувга эришгани ҳақида хабар берди. Унга кўра, ҳарбий кучлар олдинги жойларига қайтарилади. Тожикистон ТИВ ҳам бу маълумотни тасдиқлади. «Яқин вақтлар ичида Исфара шаҳрида икки давлат ҳуқуқ-тартибот органлари раҳбарлари иштирокида музокаралар бошланади», дея Тожикистон ТИВ баёнотини келтирган «РИА Новости».

Эътиборли жиҳати, Тожикистон ва Қирғизистон Россия етакчилигидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ/ОДКБ) бўйича иттифоқчи саналади.

Тошлар ва миналар
Қирғизистон ва Тожикистон аҳолиси ўртасидаги навбатдаги зиддият чоршанба куни чегаранинг Боткен вилояти ҳудудидаги қисмида юзага келди. Бу ерда Қирғизистон ҳудудида бир неча ўн минг тожиклар яшайдиган Ворух анклави, шунингдек, СССР вақтида қурилган ва атрофдаги ҳудудларни сув билан таъминлаб келаётган улкан сув омбори жойлашган.

Тожикистондагилар қирғиз ҳукумати сувни адолатли тақсимлаётганига шубҳа қилади. Қишлоқ хўжалиги ишлари бошланган баҳор ва ёзда сув истеъмоли ўн карра ошади, натижада қўшнилар ўртасидаги зиддият кучаяди.

Аммо бу сафарги низо тожикистонликлар «Бош» сув тақсимлаш пункти яқинида сув тақсимотини назорат қилиш мақсадида кузатув камералари ўрнатиши туфайли рўй берди. Қирғизистон томони вакиллари бундан ғазабга минишди ва устунларни кесишга киришди. Шундан сўнг даҳанаки жанг бошланди, томонлар бир-бирига тошлар ота бошлади, кўп ўтмай ўқ овозлари ҳам эшитилди.

Одатдагидек, зиддиятга икки томон ҳарбийлари ҳам қўшилди - қирғиз томони баёнотига кўра, тожикистонлик чегарачилар миномётлар ҳам қўллаган. Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 50дан ошиқ киши шифохонага ётқизилган, 3 киши вафот этган. Вафот этганлардан бири Лайлак туманида яшаган 13 ёшли қиз эди. Тожикистон 31 киши жароҳатлангани ва уч киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган.

Муҳим жиҳатлар
Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги умумий чегара узунлиги 972 километрни ташкил этади, шунинг 451 километри демаркация қилинмаган ҳолда қолмоқда. Бу 70дан ортиқ баҳсли ҳудудлар деганидир.

Баҳсли ҳудудлар икки мамлакат чегарасининг тахминан 30 фоизини ташкил этади ва бу ҳудудлар энг қайноқ нуқталар ҳисобланади.

Чегара чизиғи қатъий белгиланмаган ва кўп ҳолларда йўллар бўйлаб ёки аҳоли пунктлари атрофи бўйлаб ўтади. Одатда давлатлар ўртасидаги чегара қаерда жойлашганини аниқлашнинг иложи йўқ, бу эса маҳаллий аҳоли сув, яйловлар ва йўллардан фойдаланишида муаммоларни келтириб чиқаради.

Зиддиятлар сценарийси деярли доим бир хил: маиший жанжал ҳарбий кучлар жалб этиладиган чегара низосига айланиб кетади, аҳоли эвакуация қилинади ва норозилик ноталари алмашинади. Якунда томонлар кейинги тўқнашувга қадар бир-бирини айблаш билан тўхташади. Одатда зиддият манбайи сув, чегара бўйлаб ўтган йўллар, қурилишлар ёки баҳсли ҳудуддаги ҳар қандай ҳаракат бўлади. Бундай жанжаллардан сиёсий мақсадларда ҳам фойдаланиб туришади.

Ҳозирда чегараларни дилимитация қилиш Бишкек ва Душанбе музокараларининг асосий мавзуси бўлиб турибди.

Порох бочкаси: чегарада исталган вақтда уруш келиб чиқиши мумкин

Kaktus.media сўнгги йилларда давлат чегараларининг бу участкаларида қандай воқеалар бўлиб ўтганини эслаган.

Чегарада зиддиятлар ва майда тўқнашувлар деярли ҳар ойда бўлиб туради, қуйида улар орасидан нисбатан жиддийроқ тўқнашувлар сараланган.

2014 йил, январь
Сўнгги етти йилликдаги энг йирик зиддият 2014 йилнинг 11 январида қайд этилган. Ўшанда Боткен туманидаги сув тақсимлаш пунктида Қирғизистон ва Тожикистон чегарачилари ўртасида отишма рўй берган. Ҳодиса бугун бўлгани каби Кўк-Тош қишлоғи яқинида содир бўлган. Бунга қирғизлар тожикларнинг Ворух анклавини айланиб ўтиш учун қурмоқчи бўлган Кўк-Тош – Оқ-Сой йўли сабаб бўлганди. Тожикистон томони йўл уларнинг ҳудудидан ўтганини таъкидлаган, Қирғизистон ҳукумати эса ишлар келишилган чегара чизиғидан бир неча километр нарида амалга оширилаётганини билдирган. Зиддият давомида олти нафар қирғизистонлик ва икки нафар тожикистонлик ҳарбий хизматчи яраланган. Ўшанда барча чегара-ўтказув пунктлари ёпиб қўйилган. Фақат 28 январга келиб вазият тўлиқ барқарорлашган.

2015 йил, апрель
30 апрель куни Боткен туманининг Қора-Боғ қишлоғига Тожикистоннинг 7 нафар фуқароси келади, улар Қирғизистон фуқаросидан ноқонуний равишда 180 килограмм миқдордаги симоб сотиб олмоқчи бўлиб, Қирғизистон ҳудудига ноқонуний равишда кирган. Қирғизистонлик чегарачилар пайқаб қолганида икки нафар тожикистонлик ўзи билан икки қирғизистонликни гаровга олиб, симоб яшиклари юкланган машинада қочган ва Тожикистон ҳудудига яширинади. Қирғизистонлик чегарачилар қолган тожикистонликларни қўлга олади, улардан уч нафари Тожикистон Республикаси гиёҳванд моддалар назорати агентлигининг зобитлари бўлиб чиқади. Томонлар ўртасидаги музокаралардан кейин фуқаролар алмашинади.

2015 йил, июль
6 июль куни Боткен вилоятининг Қочо-Қорин қишлоғи ҳудудидан ўтган чегарада қурол қўлланиши оқибатида Тожикистоннинг 18 ёшли фуқароси ҳалок бўлади. Қирғизистон давлат чегара хизмати маълумотига кўра, ҳодиса қўшни республика фуқаросининг безорилик ҳаракатлари оқибатида юз берган. «Тожикистонлик бизнинг чегарачимизга қўл кўтариб, уни бўға бошлаган ва қуролини тортиб олишга ҳаракат қилган, натижада ўқ узилган», дейилганди вилоят ички ишлар бош бошқармаси маълумотида. Бу зиддият икки томон ҳарбийлари ўртасидаги низо даражасига етмаган, тезда вазият барқарорлашган.

2016 йил, ноябрь
Навбатдаги зиддият 2016 йилнинг 28 ноябрида рўй берган. Ўшанда Боткен туманининг Самарқандек қишлоғи ҳудудида ўқ овозлари эшитилади. Қирғизистон чегара хизмати маълумотига кўра, Тожикистон чегарачилари наряди ҳеч қандай асоссиз ҳавога уч марта огоҳлантирувчи ўқ узган. Бунга жавобан қирғизистонликлар ҳам ҳавога ўқ узишган. Тожикистон томони версияси эса мутлақо бошқача эди. Унга кўра, қирғизистонлик чегарачилар наряди ўз ҳудудида автомашинани тўхтатишган. Тушунарсиз сабабга кўра, ўртада баҳс юз берган ва автомашина Қирғизистон ичкарисига яширинмоқчи бўлган. Қирғизистонлик чегарачилар 16 марта ўқ узишган. Уларнинг ўқ овозларини эшитганидан кейин тожикистонликлар уч марта огоҳлантирувчи ўқ узишган. Бу зиддият инсонлар ўлимисиз якунланган.

2018 йил, апрель
2018 йилда ҳам чегара ҳудудида бир неча тўқнашувлар бўлиб ўтган. 3 апрель куни Қирғизистоннинг Боткен области Боткен туманининг Уч-Добо қишлоғи ва Тожикистоннинг Исфара тумани Хўжа-Аъло қишлоғи аҳолиси ўртасида зиддият келиб чиққан. Қишлоқда яшовчи аёл баҳсли ҳудудда девор тиклашга уринган, ҳолбуки бу ҳудудда ҳар қандай хўжалик иши билан шуғулланиш тақиқланганди. Бу аёл эса тақиқларга кўз юмган ҳолда ишни давом эттирган, бу эса Тожикистон фуқароларининг жаҳлини чиқарган. Аввалига даҳанаки тортишув билан бошланган баҳсга икки томондан ўнлаб кишилар қўшилган ва томонлар бир-бирини тошбўрон қилган. Зиддиятга ўша куннинг ўзида барҳам берилган.

2018 йил, июнь
Қирғизистон давлат чегара хизмати маълумотига кўра, 4 июнь куни тожикистонлик ҳарбийлар «Футбольное поле» участкасида савдо қилаётган қирғизистонликни ҳайдаб юборишади. Қирғизистон чегарачиларининг тасдиқлашича, тожикистонлик ҳарбийлар қирғизистонлик чегарачиларнинг талабларини бажаришдан бош тортиб, ўзларини жуда агрессив тутишган, муштлашув келтириб чиқаришган ва натижада ҳавога огоҳлантирувчи ўқлар узилган, кейин эса қирғизистонлик чегарачилар уларни қўлга олишган. «Озодлик» радиоси маълумотига кўра, ўшанда уч нафар тожик чегарачиси қўлга олинганди. Аммо кўп ўтмай зиддият бартараф этилган ва қўлга олинганлар Тожикистон томонга қайтарилган.

2018 йил, июль
20 июль куни Тожикистоннинг Ворух анклави ҳудудидан ўтувчи Кишемиш - Оқ-Сой транзит йўлида Тожикистон чегарачилари Қирғизистоннинг икки ҳарбийси ва яна икки фуқаросини қўлга олишган. Қўлга олиш чоғида тожикистонлик чегарачилар ўзларини агрессив тутишган ва қирғизистонлик чегарачилардан бирига тан жароҳати етказган. Музокаралардан сўнг қўлга олинганлар қўйиб юборилган, Тожикистон томони узр сўраган.

2019 йил, март
Зиддият Оқ-Сой - Томдик йўл қурилиши туфайли келиб чиққан. Томонлар бир-бирига тошлар отишган, қирғизистонликларнинг автомобиллари ва уйларига ўт қўйилган. Тўқнашувлар чоғида уч нафар қирғизистонлик жароҳат олган, Тожикистон томони ҳам тўрт фуқароси жароҳатлангани ҳақида хабар берган. Чегарадаги вазият президентлар даражасида муҳокама қилинган. Кичик тўқнашувлар яна бир неча ҳафта давом этган.

2019 йил, июль
Чегарадаги қирғиз қишлоғи Оқ-Сой ва тожикларнинг Ворух анклави ўртасидаги чегарада тожикистонликлар баҳсли ҳудудга флагшток ўрнатмоқчи бўлганида қирғизистонликлар уларга халал беришади ва қуроллар ишга тушади. Жами беш нафар қирғизистонлик жароҳатланган. Тожикистон томони эса бир фуқароси ҳалок бўлгани ва беш тожикистонлик жароҳат олгани ҳақида маълум қилган. Иш аҳолини эвакуация қилишгача бориб етган.

2019 йил, сентябрь
Қирғиз-тожик давлат чегараси участкасида қурол қўлланган навбатдаги ҳодиса рўй берди. Қирғизистон томони маълумотига кўра, Тожикистон томони биринчи бўлиб қурол ишлатган ва қирғизларнинг «Максат» чегара постини ўққа тутган, кейин Боткен вилоятидаги Лайлак туманида вақтинчалик тикланган «Сой» чегара пости томонга ўқ узилган. Отишмалар чоғида қирғизистонлик чегарачилардан бир нафари ҳалок бўлиб, 13 киши жароҳатланган. Тожикистон нашрлари тожик чегарачилари уч қурбон бергани ва беш киши жароҳатлангани ҳақида хабар берган.

2020 йил, январь
Қирғизистон Республикаси чегара хизмати маълумотига кўра, 10 январга ўтар кечаси Боткен тумани Жака-Орук қишлоғида номаълум шахслар Қирғизистон фуқаросининг автомобилини тошбўрон қилган ва Тожикистон ҳудудига яширинган. Тожик нашрлари эса, аксинча, уларнинг фуқаросига ҳужум қилингани ҳақида хабар тарқатган. Натижада томонлар бир-бирига ўт очган, Қирғизистон ўз фуқароларини эвакуация қилган. Вазият давлат раҳбарлари даражасида муҳокама қилинган.

2020 йил, май
8 май куни қирғиз-тожик чегарасида, Боткен вилоятининг Чек қишлоғида Чек участкасидаги 50 сотих ердан фойдаланиш масаласида низо келиб чиқади. Тожик чегарачилари қирғизистонликларни миномётлардан ўққа тутган. Отишмада тўрт нафар қирғизистонлик яраланган.

2021 йил, апрель
24 апрель куни Лайлак туманидаги қишлоқлардан бири аҳолиси икки йигит ўғирлаб кетилгани ҳақида хабар берди. Улар Тожикистон томонга олиб кетилгани маълум бўлди. Маҳаллий раҳбарлар иштирокидаги музокаралардан кейин уларни оиласига қайтаришди. Қирғизистон ТИВ Тожикистонга бундай ҳаракатларга йўл қўйиб бўлмаслиги ҳақида нота юборган.

Top