Жаҳон | 20:42 / 29.04.2021
25165
1 дақиқада ўқилади

Тожикистоннинг Исфара шаҳри ҳокими чегарадаги можаро вақтида яраланди

Тожикистоннинг Исфара шаҳри ҳокими Баҳовуддин Баҳодурзода Қирғизистон билан чегарадаги можаро вақтида ўқотар қуролдан жароҳат олди. Бу ҳақда Исфара ҳокимлиги маълум қилди.

Баҳодурзода чегарадаги ҳудудга ташриф буюрган вақтда елкасидан яраланган. Таъкидланишича, Исфара ҳокимининг аҳволи барқарор дея баҳоланмоқда ва унинг ҳаёти хавф остида эмас.

Сўнгги маълумотларга кўра, тожик-қирғиз чегарасидаги отишмада Тожикистоннинг 3 нафар фуқароси ҳалок бўлган, 31 нафари турли даражадаги жароҳатлар олган.

Ўз навбатида, Қирғизистон томонининг хабар беришича, можаро вақтида 2 нафар қирғизистонлик ҳалок бўлган, 26 киши жабрланган.

Икки давлат ҳарбийлари ўртасида чегарадаги тўқнашувлар 29 апрел куни бошланди. Бунга 28 апрелда чегарадаги баҳсли ҳудудда икки давлат фуқаролари ўртасида келиб чиққан можаро сабаб бўлган. Икки томон можарода бир-бирини айблаган. Икки давлат чегаранинг отишма юз берган ҳудудига қўшимча кучларни жўнатган. 

Сўнгги маълумотларга кўра, томонлар маҳаллий вақт билан соат 20:00дан ўт очишни тўхтатиш ва ҳарбий кучларни аввалги жойларига қайтариш бўйича келишувга эришган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид