«Korzinka»даги эҳсон қутисидан 50 минг доллар солинган конвертлар чиқди
«Korzinka.uz» тармоғи асосчиси Зафар Ҳошимов ўз «Телеграм» саҳифасида маълум қилишича, тармоқ филиалларидан биридаги эҳсон қутисидан 50 минг доллар солинган конверт чиққан.

Тадбиркорнинг сўзларига кўра, тармоқнинг барча филиалларида эҳсон қутилари ўрнатилган бўлиб, уларга саховатли харидорлар хайрия мақсадида пул ташлаб кетишади. «Korzinka.uz» тармоқларидаги ушбу қутиларга тушган барча маблағлар саратон хасталигига чалинган бемор болаларга ёрдам бериш мақсадида ташкил этилган «Эзгу Амал» хайрия жамғармаси ҳисобига йўналтирилади.
Тўлган қутилар корхона ходимлари ва мутасаддилари, жамғарма ҳамда жамоатчилик вакиллари билан биргаликда очилиб, ичидаги пуллар санаб чиқилади ва жамғарма ҳисоб рақамига топширилади.
«Бугун навбатдаги қути очилиб, пуллар саналиб, тахлаётганимизда, қутидан ўндан ортиқ оқ конверт чиқди. Уларни очиб қарасак, конвертлар ичидан жами 50000 доллар пул бор экан. Оғир касалга чалинган болакайларга Рамазон ойининг табаррук кунларида шундай гўзал эҳсон қилган номаълум ҳамюртимизнинг бундай холис амали бу ҳодиса шоҳиди бўлган барчамизда ушбу муборак Ойнинг ажойиб хислатларига бўлган ишончимизни янада кучайтирди. Конвертдаги ушбу пуллар сўмга ўгирилиб, жами 564 120 000 сўм маблағ хайрия жамғармасига юборилди», дейилади саҳифадаги хабарда.
Kun.uz мухбири тадбиркор Зафар Ҳошимов билан боғланиб, унинг фикрлари билан қизиқди.
«Бу воқеани ижтимоий тармоққа жойлаш ёки жойламаслик ҳақида бироз иккиландим ва ўйлаб кўриб, ёзишга аҳд қилдим. Бу хабарни жойлашдан якка ягона мақсад ғойиби эҳсон соҳибига қилган эҳсони ўз жойига, унга муҳтож бўлиб турганларга етиб борганлиги ҳақида ҳисобот бериш бўлди.
Модомики, бу саховатли инсон шу хайрияни етказишда бизни муносиб воситачи деб топган, бизга жуда катта ишонч билдирган. Ушбу ишончга «Korzinka»ни муносиб кўргани учун корхонамиз ва ўзим номимдан чексиз миннатдорчилик билдираман», деди тадбиркор.
Мавзуга оид

13:51 / 26.09.2024
Хоразмда эҳсон қутисидаги пулларни ўғирламоқчи бўлган шахс ушланди

21:16 / 17.07.2024
Korzinka реклама бўйича қонунбузилишига йўл қўйган деб топилди

11:19 / 15.07.2024
Рақобат қўмитаси «Korzinka»га нисбатан иш қўзғатди

12:21 / 03.01.2024