Янги формат бирламчи эҳтиёж товарларининг сероблигини ошириш ва кундалик харидлар учун янада қулай ечимларни яратишга йўналтирилган. Afzal Market мавжуд концепцияни тўлдирган ҳолда ритейлернинг экотизимига ҳамоҳанг уйғунлашади. Агар одатий “Korzinka” супермаркетлари ўзининг кенг кўлами туфайли ҳафталик катта харидлар эҳтиёжини қондирса, “Korzinka Mahalla” дўконлари “уй яқинида” форматига мос келиб, йўл-йўлакай қўшимча харид қилиш имкониятини таъминласа, Afzal Market эса энг харидоргир товарларни ҳамёнбоп нархларда таклиф этишга чорланган.

Afzal Market бу мамлакатнинг кичик шаҳарлари ва қишлоқларида барча зарур харидларни тез ва қулай амалга ошириш имконини берувчи, тахминан 250–300 квадрат метр майдонга эга бўлган кичик дўконлар силсиласидир. Формат ўзида ҳамёнбоп нархлар, 2000 дан ортиқ турдаги ҳар хил маҳсулотлар ва замонавий тармоққа оид сифат стандартларини уйғунлаштиради.

Дўконларда кундалик эҳтиёжга тааллуқли асосий маҳсулотлар (гўшт, мева-сабзавотлар, баққоллик маҳсулотлари, ширинликлар, болалар товарлари, ичимликлар, маиший кимё, шахсий гигиена воситалари) тақдим этилган. Замонавий савдо технологиялари, ўз навбатида, захираларни самарали бошқариш ва харидорларга керакли маҳсулотларни мақбул нархларда таклиф этиш имконини беради.

Afzal Market бу — биз аввало ҳудудлар ва кичик аҳоли пунктларида ривожлантираётган йўналиш бўлиб, у таянч маҳсулотларни қулай ва хавфсиз замонавий савдо форматида тақдим этиш учун мўлжалланган. Биз аҳолининг асосий эҳтиёжларига эътибор қаратиб, сифат, ассортимент ва озиқ-овқат хавфсизлиги масалаларида ҳар куни муросасиз ҳамёнбоп нархларни таклиф этиш мақсадида жараёнларни оптималлаштирдик. Биз учун янги форматдаги нарх сиёсати бозордаги ўртача озиқ-овқат савати нархидан ҳам пастроқ бўлиши ғоят муҳим. Бу кундалик турмушга қулайлик бағишлаб, осонроқ, арзонроқ ва сифатлироқ харид қилиш имконини беради”, – деди “Korzinka” супермаркетлар тармоғи асосчиси Зафар Ҳошимов.

Afzal Market’нинг нарх сиёсати соддалаштирилган операцион моделга асосланган. Дўконларнинг кичик майдони савдо нуқталарига сарфланувчи чиқимларни қисқартиради, оптималлаштирилган ассортимент эса сақлаш ва логистика харажатларини камайтиришга ёрдам беради. Боз устига, “Afzal” дўконлари харидорларимизнинг бутун циклдаги эҳтиёжларини қондира олади. Бунда товарларни йирик партияларда харид қилиш ва ташиш қўшимча аҳамият касб этиб, етказиб берувчилар билан янада қулай шартларда ишлаш имкониятини яратади.