Сардоба фожиасига 1 йил: Хотиралар, ўзгаришлар ва оқибат
«Аср қурилиши» дея эътироф этилган Сирдарёдаги «Сардоба» сув омборида рўй берган «аср ўпирилиши»га 1 май куни 1 йил тўлди.
Kun.uz мухбири Сардоба туманида бўлиб, сув омборини қайта қуриш ишлари билан танишди, яқин атрофдаги қишлоқ, мактабларда бўлиб, одамлар билан ўша кун хотиралари ҳамда тошқин оқибатлари ҳақида суҳбатлашди.
Бугун ишчилар ва кўплаб техникалар ёрдамида сув омборининг сув ювиб кетган қисмида қайта қуриш ишлари давом этмоқда.
Сардобаликлар бир йил аввалги ўша мудҳиш кун тонгини ҳамон қўрқув билан эслайди.
«Ҳар куни эрталаб соат 5 да уйғонамиз. Сардоба ўпирилган куни ҳам эрта уйғониб, ҳовлида айланиб юргандим.
Бир пайт дарвозани кимдир жуда қаттиқ ура бошлади. Шунчалик урардики, у одамни ким бўлса ҳам сўкмоқчи бўлиб, дарвозага қараб юрдим. Давозани очсам, қўшнимизнинг боласи экан. «Бобо, сув келяпти, сув омбори тошибди», –дейди.
Боланинг ўпкаси йиғидан тўлиб қолганми, гапиришга ҳам қийналарди.
Бу вақтда болалар уйда ухлаб ётарди. Тезда уларни уйғотдим. Оёғимизга, елкамизга нима илинса, олдиг-у, кўчага қараб чопдик. Кампирим билан паспортимизни ҳам олишга улгурган эканмиз.
Кўчага чиқсак, сув тошқинидан хабар топган ҳамма югурарди. Одамлар тўғри келган машинага осилишяпти. Яна кимдир эшак аравада, бошқаси пиёда югуряпти.
12-13 км. югуриб, халқ тилида 7-совхозга етдик. Кўпчилик шу томонга йиғилди. Шу ерда кўпчилик яна ҳар томонга юрди.
Биз ҳам Жиззахнинг Пахтакор туманида яшовчи ўғилларимнинг уйига кетдик», – дея 1 май хотираларини эслайди Бахтиёр Наримонов исмли фуқаро.
У, шунингдек, ўша кунни қайта эслашни хоҳламаслиги, болалари, набиралари сув тошқини видеоларини кўрсатса, кўрмаслигини ҳам қўшимча қилди.
«Биз учун бу жиддий жароҳат бўлди», – дейди Бахтиёр Наримонов.
2010 йилда бошланиб, 2017 йилда қурилиши якунига етган сум омборининг 3 йил ўтмай бузилиб кетиши оқибатида вилоятнинг 3та тумани ҳудуди жиддий зарар кўрди.
Бинолар, йўллар, коммуникациялар вайрон бўлди. Учта тумандаги 22 та қишлоқдан 60 мингдан ортиқ аҳоли эвакуация қилинди. 6 мингдан зиёд уй ҳайвонлари нобуд бўлди.
Сардоба фалокатида 2 аёл ва 4 эркак ҳам ҳалок бўлган. Бир фуқаро эса бедарак кетган.
Ҳалок бўлганлар орасида Миллий гвардиянинг 3-даражали сержанти Ҳусниддин Суяров ҳам бор эди. У сув тошқинида одамларни эвакуация қилиш жараёнида оқиб кетган…
Ҳусниддиннинг отаси Зокир Суяров ўғли билан хайрлашган сўнгги кунни шундай эслайди:
«Ўтган йили шу пайтларда коронавирус тарқалгани сабабли, карантин эълон қилинганди. Ҳамма уйда.
Ўғлим шу воқеадан 1 ҳафта аввал такси билан уйга келиб кетганди. Рўза ойлари бўлгани учун бизга деб бозорликлар ҳам қилган экан. Уйда 1 соатча биз билан гаплашди. Кейин хайрлашиб кетди. Шу охирги кўрганим бўлди», – дейди ота.
Унга кўра, Ҳусниддин кўнгли очиқ, хушчақчақ йигит бўлган. Одамларнинг кўнглини қолдиришни истамаган.
Техноген офат нафақат Ўзбекистон, балки қўшни Қозоғистондаги одамларнинг ҳам тинчини бузди. Жумладан, бу давлатда 31 мингдан зиёд аҳоли турар жойини тарк этишга мажбур бўлди.
Ўтган бир йилда эса, Сардобанинг суви остида қолган қишлоқлар кўриниши бутунлай ўзгарди. Одамлар компенсация сифатида қуриб берилган янги уйларга кўчирилди.
«Янги уйларга анча кўникиб қолдик», – дейди Анвар исли фуқаро.
У, шунингдек, офат пайтида бутун ўзбекистонликлар ва хорижликлардан ёрдам юклари: озиқ-овқат, кийим-кечаклар юбориб тургани учун миннатдорчилигини билдирди.
«Хатто ҳозир ҳам ўша кийимларни кияяпмиз», – дейди суҳбатдошимиз.
Тошқиндан аввал бу ҳудуд аҳолиси табиий газ ва тез-тез ўчадиган электрдан қийналган. Бугун бу муаммо уларни безовта қилмайди. Ҳудудда яхши инфратузилма яратилган.
«Ҳозирги шароитлардан розимиз. Ҳукуматга, президентга раҳмат. Бизга уйдан ташқари яна 40 млн. сўмдан пул ҳам беришди», – дейди Алиқўзи исмли яна бир фуқаро.
Аммо бир муаммо ҳам бор: ҳозир бу ердагилар ишсиз. «Уйимиз атрофида ишлаб чиқариш корхоналари бўлсайди, ҳамма иш билан банд бўларди», дейди, кўп қаватли уйлардан бирида яшовчи фуқаролар.
Ҳудудда мактаблар ҳам қайта тикланар экан, болалар яна дарсларга қайтди.
«Тошқиндан кейин мактабимизни яхшилаб таъмирлаб беришди. Мактаб ичи қишда иссиқ, ҳозирги иссиқ кунларда эса салқин. Аввал мактабимизда газ йўқ эди, газ келди, сув йўқ эди, сув келди дейди», – тумандаги 20 мактаб директори Ғафур Абдураҳимов.
Ишсизлик тошқиндан жабр кўрганлар учун ягона муаммо эмас.
Маҳаллий аҳолига кўра, сув ювган жойларда ортиб кетган шўр натижасида ерда экин кўкартириб бўлмаяпти.
«Бизнинг қишлоқни сув босганди. Бошқа қишлоқларни кўрсак, ям-яшил майса ўсиб ётибди аммо бизда экин ўсмаяпти. Келган сув ернинг бир қават ширасини, унумдор қатламини ҳам олиб кетган, деб ўйлайман.
Ҳовлимизда ўрик, шафтоли каби мевали дарахтлар бўларди, ҳозир ҳаммаси қуриб кетган», дейди Қурол исмли маҳаллий аҳоли вакилларидан бири.
Сардоба воқеасининг ҳақиқий айбдорлари топилиб, жазоланиши бўйича мамлакат ичида ва ташқарисида турлича фикрлар бор.
Президент Шавкат Мирзиёев эса бу ҳолатдан халқ кўнгли тўқ бўлиши кераклигини айтган.
«Халқимизни ишонтириб айтаман, тергов якунлари бўйича барча айбдорлар, ким бўлиши ва эгаллаб турган лавозимидан қатъи назар, қонун олдида жавоб беради», деган у.
Айни пайтда Сардобадаги сув тошқини оқибатлари бўйича суд иши Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўриляпти.
Судланувчилар 17 киши эканлиги маълум қилинган.
Ишнинг ёпиқ судда кўрилиши эса, унинг «бевосита давлат сирларига боғлиқлиги» билан изоҳланган.
Нима бўлганда ҳам, Сардоба фалокати кўплаб одамлар учун битмас жароҳат, унутиб бўлмас воқелик бўлиб қолади.
Илёс Сафаров тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси: Отахон Юсупов.
Мавзуга оид
12:37 / 05.11.2024
Сирдарёда буви ва невара қарийб 7 кг тилла тақинчоқни чегарадан яширинча олиб киришга уринди
13:10 / 06.10.2024
Антикоррупция агентлиги: Сирдарё вилоятида 5 нафар ҳоким коррупциявий жиноят содир этган
13:20 / 29.09.2024
Сирдарёда Гулистон Сув иншоотлари бошқармаси ер кадастри бўлим бошлиғи ушланди
19:22 / 21.09.2024