Жамият | 12:40 / 05.05.2021
4293
2 дақиқада ўқилади

Бухоро вилояти ҳокимига ўринбосар тайинланди

Бухоро вилояти ҳокимига янги ўринбосар тайинланган. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Ботиржон Шаҳриёров Бухоро вилояти ҳокимининг туризм, спорт, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари – Туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи этиб тайинланган.

Қайд этилишича, Ботиржон Шаҳриёров 1971 йилда Ғиждувон туманида туғилган. Маълумоти олий, 1994 йили Тошкент давлат техника университетини, 1998 йили Тошкент давлат иқтисодиёт университети магистратурасини, 2004 йили Ўзбекистон миллий университетини тамомлаган. Мутахассислиги — муҳандис-иқтисодчи, ҳуқуқшунос.

Ўз меҳнат фаолиятини Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигида кичик илмий ходим сифатида бошлаган Ботиржон Шаҳриёров узоқ йиллар солиқ соҳасида масъул лавозимларда фаолият олиб борган. Сўнгги йилларда у «Тошкент» Республика фонд биржаси акциядорлик жамияти бошқаруви раиси (2014-2015), Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекцияси бошлиғи (2015-2017) лавозимларида фаолият юритган. 

Ботиржон Шаҳриёров 2017 йил 18 августдан буён вилоят ҳокимининг туризм масалалари бўйича ўринбосари вазифасида ишлаб келаётган эди.

Мавзуга оид