17:46 / 07.05.2021
5463

Тошкентда автобус ва енгил автомобил тўқнашувида 4 киши жароҳатланди

"Тошшаҳартрансхизмат" “Исузу” русумидаги автобус ва енгил автомобил иштирокида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан расмий маълумот берди.

Қайд этилишича, бугун, 7 май куни соат 11:15ларда "12-Автобус саройи" МЧЖ тасарруфидаги 130-сонли автобус йўналишида ҳаракатланувчи “Исузу” автобуси Сергели тумани, Нилуфар 3-тор кўчаси бўйлаб Нилуфар чорраҳаси томон келаётган вақтда, мазкур чорраҳада “Матиз” автомобили автобуснинг чап томонига келиб урилган. Натижада, автобус мувозанатни йўқотиб, ағдарилган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу йўл-транспорт ҳодисаси “Матиз” ҳайдовчисининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши туфайли содир бўлган. Мазкур йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида автобуснинг тўрт нафар йўловчисига тан жароҳати етган ва улар Республика шошилинч тез ёрдам илмий марказига етказилиб, тез тиббий ёрдам кўрсатилган.

Ушбу йўл-транспорт ҳодисаси қатнашчиларига нисбатан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ инспекторлари томонидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган, дейилади хабарда.

Top