15:18 / 11.05.2021
13177

Таълим инспекцияси бошлиғи чет тилини ўқитишдаги 3та асосий муаммони айтди

Таълим инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбоев Kun.uz мухбирига берган интервьюсида чет тилларини ўқитишдаги муаммолар ҳақида гапирди ва уларни ҳал этиш бўйича ўз таклифларини билдирди.

Таълим инспекцияси Финландия ва Жанубий Корея каби давлатларда хорижий тилларни ўқитиш тажрибасини ўрганиш олиб бормоқда. Унда бевосита чет тилларини сифатли ўқитиш ишлари ўрганилмоқда.

Шунингдек, инспекция томонидан миллий таълим тизимида чет тилларини ўқитиш борасида мавжуд муаммолар, педагог кадрлар салоҳияти таҳлил қилинди.

Аниқландики, чет тилини ўқитишда 3 та асосий муаммо мавжуд:

  •  биринчидан, ўқитувчилар малакасининг етишмаслиги;;
  •  иккинчидан, методика эскирган;
  •  учинчидан, ўқув ва таълим дастурларининг замон талабларига мослашмаётганлиги.

Финландия ва Жанубий Кореяда ҳам 30–40 йил давомида шундай муаммолар бўлган ва улар бу муаммонинг ечими сифатида 3 йўналишда ишлашган:

1. Ўқитувчиларнинг малакасини ошириш, унинг жамиятдаги обрўсини ва касб сифатида жозибадорлигини кўтаришга катта эътибор беришган.

2. Чет тилини ўқитиш методикаларини жаҳонда эътироф этилган ва синалган методикалар асосида такомиллаштиришган.

3. Таълим дастурлари замона талаби ва энг яхши хорижий тажрибалар асосида такомиллаштирилган ҳамда соҳада соғлом рақобат бўлиши таъминлаган.

Шундан келиб чиқиб, биз бир нечта таклифни илгари суряпмиз:

1. Узлуксиз таълим тизимида чет тиллари ўқитувчиларининг малакасини ошириш ишларини ва касбий ривожланишининг узлуксиз вертикал тизимини жорий этиш лозим.

Бунда биринчи навбатда малака оширишда ўқиган ҳар бир ўқитувчи минимал талабга эришишига эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ. Ўқитувчилар мустақил ривожланиши ва малака оширишлари бўйича очиқ ресурсларни яратиш ва уларни ягона платформага жойлаштириш лозим. 

Ўқитувчиларга кучли устозларни бириктириб, тил ўрганишни доимий жараёнга айлантириш керак. Ушбу мақсадда чет тили ўқитувчиларининг метод куни ҳисобланмиш жума кунлари тажрибали ўқитувчиси бор таянч мактаблар базасида узлуксиз малака ошириш курсларини ташкил этиш керак. Бу жараёнга Британия кенгаши, Гёте институти, Франция Алянси, KOICA, JAICA каби халқаро ташкилотлар ва нодавлат секторни жалб этиш мақсадга мувофиқ.   

2. Хусусий сектор тажрибасини малака ошириш институтлари ва мактабларга жорий этиш. Хусусан, халқаро даражада тан олинган тилга ўргатиш дастурларидан фойдаланиш, ўйинга асосланган тил ўқитиш методикаларидан фойдаланиш, тилни мустақил ўрганиш имконини берадиган дастурий таъминотлардан фойдаланиш кўникмасини ошириш тавсия этилади.

Бундан ташқари, хусусий сектор, президент мактаблари ва Финландиянинг хорижий тилни ўқитиш бўйича тажрибасини кенг ёйиш лозим ва хусусий сектор хизматларини ҳамёнбоп қилиш керак. Сабаби давлат таълим муассасалари қила олмаган ишни айрим жойларда хусусий сектор самарали ва сифатли бажармоқда. Бунда президентимиз таъкидлаганларидек, таълим муассасаларида чет тили ўқув курсларини шартнома асосида бўлса ҳам, ўқувчи - талабалар ва ўқитувчилар учун ташкил этиш мумкин.

Шунингдек, чет тиллари ўқитувчиларини тайёрлаш тизимини ҳам қайта кўриб чиқиш лозим. Бу тизимга хориж тажрибаси етарли даражада кирмаяпти, эски методика бўйича ўқитиляпти. Чет тиллари бўйича ўқитувчилар тайёрлайдиган олий таълим муассасалари талабаларининг аксарияти чет тилини ўқув марказларидан бориб ўрганмоқда.

Чет тиллари университетларида таълим муҳити бошқалардан фарқ қилиши, мулоқот чет тилида бўлиши, тил муҳити яратилиши лозим ва барча фанларни ўрганаётган чет тили тилида ўтилиши керак. Бу борада хусусий ва хорижий олий таълим муассасалари тажрибаларини бутун олий таълим тизимига ёйиш лозим.

3. Олий таълим тизимида тўлиқ чет тилида ўқитиладиган бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини очиш лозим.

Бу нафақат тил биладиган кадрлар тайёрланишини таъминлайди, балки олий таълим тизими халқаро жозибадорлигини оширишда ҳам жуда муҳим ўрин эгаллайди.

Шунингдек, академик лицейларда ҳам чуқурлаштириб ўтиладиган фанлар чет тилида ўтилиши иқтидорли ўқувчиларнинг иқтидорларини ривожлантиришда жуда муҳим, чунки тил билган ўқувчи учун билим олиш манбаи кенгаяди, тил билан боғлиқ сунъий тўсиқлар бартараф этилади.

4. Чет тилини ўқитиш бўйича халқаро эътироф этилган дастурлар мавжуд ва уларни таълим тизимига қўллашимиз керак, албатта бунда миллий хусусиятларни ҳам инобатга олган ҳолда. Шунингдек, олий таълимга хорижий тил мутахассисларини тайёрлаш бўйича хорижда эътироф этилган тайёр дастурларни жорий этиш зарур.

Ҳозирда Таълим инспекцияси томонидан барча вазирликлар билан ҳамкорликда Финландия ва халқаро тажрибани ўрганиб, узлуксиз таълим тизими учун миллий ўқув дастурини такомиллаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

5. Институционал ислоҳотларни амалга ошириш лозим.

Узлуксиз таълим тизимида чет тилини ўқитишнинг инновацион методикаларини ривожлантиришга масъул ташкилотлар бир-биридан мустақил ва тарқоқ равишда ишламоқда. Улар фаолиятини мувофиқлаштирувчи ва хорижий тилни ўқитиш бўйича ягона сиёсат олиб борувчи ташкилотга эҳтиёж мавжуд эди. Янги ташкил этилаётган агентлик ушбу йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиши лозим бўлади.

6. Хорижий тил ўқитувчиларининг профессионал стандартини меҳнат бозори талаблари ва халқаро тажриба асосида ишлаб чиқиш ва жорий этиш зарур.

Профессионал стандарт – таълим ташкилоти ва меҳнат бозори ўртасидаги битим бўлиб, унда меҳнат бозори талаблари, яъни ўқитувчига қўйилган билим, кўникма ва малакалар ўз аксини топган. Чет тили ўқитувчисини тайёрлаш, малакасини ошириш, қайта тайёрлашнинг ўқув дастурлари айнан шу стандарт асосида ишлаб чиқилиши ва амалиётга жорий этилиши лозим.

Президентимиз йиғилишда юқорида кўрсатиб ўтилган муаммоларни бартараф этиш бўйича бир қатор долзарб вазифаларни белгилаб берди. Бу бўйича тегишли вазирлик ва идоралар томонидан чет тилларини ўқитишни янги босқичга олиб чиқиш бўйича ҳуқуқий меъёрий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда.

Фармон ва қарорлар ижроси сифатли таъминланса, мавжуд муаммоларни ҳал қилишга ва келгусида мамлакатимиз чет тилларининг сифатли ўқитилишига замин яратади.

Top