Ўзбекистон | 11:24 / 14.05.2021
9816
3 дақиқада ўқилади

Enter Engineering: «Кичкинтой» учун байрам совғаси туҳфа қилинди

Муқаддас Рамазон ойида хайрли ва савоб ишлар ҳар доимгидан-да кўпроқ амалга оширилиб, кўплаб эҳтиёжманд кишилар меҳр-мурувват ва ғамхўрликни ҳис этадилар. Бундай хайрли ишларда, айниқса, турли соҳага оид йирик ташкилотлар, хусусий тадбиркорлар, хайрия муассасалари ҳамиша пешқадамдирлар. Ўрта Осиё ва Россия Федерациясининг энг йирик пудратчиларидан саналган Enter Engineering Group ҳам бундай хайрли ишлардан четда тургани йўқ ва айнан Рамазон ойи муносабати билан бир нечта хайрли тадбирларни амалга оширди.

Режадаги саховат тадбирлари Тошкент вилояти «Кичкинтой» болалар уйи ўз бағрига олган 57 нафар меҳрга ташна болажонлар учун ташкил этилди – компания томонидан чақалоқлар ва кичик ёшдаги болалар учун мўлжалланган ўта сифатли гигиеник-парвариш воситалари, озиқ-овқат маҳсулотлари ва ўйинчоқлардан иборат инсонпарварлик ёрдами кўрсатилди.

Мазкур муассаса бош шифокори – Тоҳира Абдусаматовна Исмоилова болаларни беҳад севувчи ва меҳрибон инсон. У малакали педиатр бўлиб, бу ерда 1997 йилдан буён фаолият юритади, биринчи даражали «Соғлом авлод учун» ва «Шуҳрат» медали соҳибаси. Унинг уч ўғли, бир қизи ва тўққиз набираси бор. Тоҳира Абдусаматовна қизини гўдаклик даврида асраб олган ва жонидан ортиқ кўради. Бу ерда ишловчи тарбиячи ва энагаларнинг барчаси ҳам жуда ажойиб инсонлар. Айнан улар бу ерда катта бўлаётган болалар учун ҳам ота, ҳам она ўрнини босишга интилишади ва шу боис улар учун энг азиз инсонларга айланишган. Тоҳира Исмоилова Enter Engineering’га ўз миннатдорлигини билдирди:

– Муассасамизга турли сабабларга кўра ота-онасидан айрилган ҳали эмизикли чақалоқлардан бошлаб 7 ёшгача бўлган болалар қабул қилинади. Туғуруқхонадан тўппа-тўғри бизнинг уйимизга келадиган, ота-онаси воз кечган уч-тўрт кунлик чақалоқларни ҳам парваришлаб катта қиламиз. Табиийки, туғилибоқ она меҳридан маҳрум бўлган бундай гўдакларни катта қилиш осон эмас, шукрки, муассасамизда бунинг учун барча шароитлар яратилган. Болажонларнинг бекам-у кўст яшаши ва катта бўлиши учун давлатимиз томонидан барча керакли шарт-шароитлар яратилган, қолаверса, Enter Engineering Group каби ҳомий ташкилотлар, саховатпеша инсонлар ҳам бизга кўп ёрдам беришади. Компания раҳбарлари ва жамоасини Ҳайит байрами билан ўзим ва болажонларимиз номидан табриклайман!

Enter Engineering Матбуот хизмати

Мавзуга оид