15:07 / 15.05.2021
11470

Ёшлар ишлари агентлиги: Чирчиқда ёшлар фестивали бўлиб ўтмоқда

Фото: Ёшлар ишлари агентлиги

Тошкет вилояти Чирчиқ шаҳрида жорий йилнинг 14-16 май кунлари Тошкент вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик” фестивали бошланиб, қизғин давом этмоқда.

Мазкур фестивалда карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда турли кўнгилочар шоу-дастурлар, машҳур бизнесменлардан тренинглар, спортчилардан мастер-класс, дизайнер ва мода дефилелари намойиш этилди.

Фестивал кўнгилочар дастурлар билан чекланиб қолмаган. Сабаби бу ерда ёш ҳунармандлар фестивал иштирокчиларига ўз ижод ишларининг сирларини намоён қилиш орқали ҳунарга жалб эта олишди.

Шунингдек, меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, кам таъминланган, эҳтиёжманд оила фарзандларидан иборат 50 нафар бола учун “Суннат тўйи” акцияси ўтказилди. 

Бўш иш ўринлари ярмаркасида эса корхона ва ташкилотлар 10 112 нафар бўш иш ўрни билан қатнашаётган бўлиб, фестивалнинг биринчи кунида 109 нафар ёшларга ўзлари қизиққан турли йўналишларга йўлланма берилди. Бундан ташқари, пайвандловчи, дурадгорлик ва тикувчилик каби касбларга ўқитиш бўйича йўлланмалар берилди.

Таъкидлаш жоизки, ёшларнинг бўш вақтини самарали ташкил этиш мақсадида ўтказилаётган ушбу оммавий тадбир учун интеллектуал ўйинлар, рақс майдони, аёллар учун махсус клуб, гастрономик ва болалар шаҳарчаси барпо этилган.

Aлишер Саъдуллаев

Фестивалнинг илк кунида Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги директори Aлишер Саъдуллаев ва Тошкент вилояти ҳокими Даврон Хидоятов чиқиш қилиб, фестивални очиб беришди.

Top