Жамият | 18:10 / 29.08.2025
1806
2 дақиқада ўқилади

Давлат томонидан ўқув марказида ўқиётган ёшларнинг халқаро мусобақа харажатлари қоплаб берилиши мумкин

“Ёшларни эшитамиз” мулоқотида халқаро олимпиадаларда иштирок этувчи ёшларни молиявий қўллаб-қувватлаш масаласи муҳокама қилинди. Ёшлар ишлари агентлиги бу йўналиш учун махсус қўллов тизими ишлаб чиқилаётганини маълум қилди.

Тошкент шаҳрида жойлашган Ёшлар ижод саройида “Ёшларни эшитамиз” мулоқот тадбири бўлиб ўтди. Унда ўқув марказларида таълим олаётган 150 нафар ёш бевосита, яна 300 дан ортиқ иштирокчи эса онлайн тарзда қатнашди. Мулоқот давомида ёшлар таълим, қонунчилик ва ўқув марказлари фаолиятига оид бир қатор таклиф ва муаммоларни кўтаришди.

Тадбирда энг долзарб масалалардан бири сифатида ўқув марказларида таълим олаётган ёшларнинг робототехника каби йўналишлардаги халқаро чемпионатларда иштирокини қўллаб-қувватлаш масаласи кўтарилди.

Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев ушбу йўналиш бўйича махсус қўллаб-қувватлаш тизими ишлаб чиқилаётганини маълум қилди. Унга кўра, ёшларнинг халқаро мусобақаларда иштирок этиши учун зарур молиявий харажатлар давлат томонидан қоплаб берилиши кўзда тутилмоқда.

“Биз олимпиадага борадиган болаларнинг Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги билан бирга йўлкира, яшаш, еб-ичиш харажатигача қоплаб берамиз. Керак бўлса, қарорга пункт қилиб қўшайлик – ҳар йили Ёшлар ишлари агентлиги шу маблағни тўлаб берамиз.

Фикримча, олимпиадага бориб фақат қатнашиб келишнинг ўзи етарли эмас, албатта, рағбат керак. Биз ҳамкасбларимиз билан ўтириб, қайси миқдордаги рағбатни берсак тўғри бўлишини муҳокама қиламиз. Сизлар маслаҳатлариб бизга таклифингизни айтасиз. Биз бу таклифни давлат раҳбарига ҳам етказамиз”, - деди у.

Мулоқот чоғида, шунингдек, хусусий мактаб ва боғчалар учун коммунал енгилликлар жорий этиш, чекка ҳудудлардаги педагог кадрлар малакасини оширишга қаратилган таклифлар ҳам муҳокама этилди. Мутасадди ташкилотлар билдирилган фикр ва таклифларни ўрганиб чиқиб, амалий ечимлар таклиф этишга ваъда беришди.

Тайёрлаган:  Kun.uz Admin

Мавзуга оид