Ўзбекистон | 13:31 / 18.05.2021
3097
3 дақиқада ўқилади

Данғарада касб-ҳунар мактаби директори ўринбосари пора билан қўлга тушди

Фарғона вилояти Данғара туманидаги 2-сонли касб-ҳунар мактаби директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган О.Ҳ. устидан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати хабар бермоқда

Маълум қилинишича, О.Ҳ. 2017 йилдан Данғара туманидаги собиқ транспорт касб-ҳунар коллежининг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари вазифасида ишлаб келиб, коллежда ташкил этилган педагог-ходимларга ўқув ва педагогик юкламаларни тақсимлаш бўйича тарификация комиссияси аъзоси ҳисобланган.

У ўқитувчиларга дарс соатларини тақсимлаш вазифасини бажарган ҳолда мазкур ваколатидан ўзининг шахсий манфаатлари учун фойдаланиб, коррупцион йўллар билан ноқонуний бойлик орттириб келган.

Директор ўринбосари собиқ коллеж ўқитувчиси С.У.га 2018—2019 ўқув йилида 818 соат ўқув дарс соатларини тақсимлаб берганлик эвазига 2018 йилнинг сентябрь—декабрь ойларида 400 минг сўм ва такроран 2019—2020 ўқув йилида унга 180 соат қўшимча ўқув дарс соатлари қўшиб бериш эвазига 2019 йилнинг ноябрь ойида 445 минг сўм миқдоридаги пулларни пора тариқасида олган. 

Кейинги ўқув йилида эса С.У.нинг дарс соатлари камайиб кетган. Натижада ўқитувчи ҳамда директор ўринбосари ўртасида келишмовчилик бўлган. Директор ўринбосари О.Ҳ. пора сифатида олган пуллардан 500 минг сўмини Данғара туман 2-сон касб-ҳунар мактаби биноси яқинида С.У.га қайтариб бераётган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида жиноят устида қўлга олинган. 

Жиноят ишлари бўйича Данғара туман суди томонидан мазкур жиноят иши кўриб чиқилиб, О.Ҳ.га Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “а” банди билан Жиноят кодексининг 45-моддасини қўллаб, 3 йил муддатга моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш, ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, тўрт йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Жазони тайинлашда, унинг қилмишидан пушаймонлиги, уч нафар фарзанди борлиги, аёллиги инобатга олинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғонада 200 доллар пора билан қўлга тушган боғча мудирасига жазо тайинлангани ҳақида хабар берилган эди. 

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид