Иқтисодиёт | 21:25 / 19.05.2021
13955
2 дақиқада ўқилади

18 млн доллар. «Ўзбеккўмир» 2020 йилги зарари сабабларини очиқлади

Ўтган йили доллар курсининг ошиши кредит миқдори кўтарилишига, саноат корхоналарида электр энергияси истеъмоли кескин пасайиши кўмир ишлаб чиқариш ҳажми камайишига катта таъсир ўтказган.

Яқинда, 2020 йилда Ўзбекистонда энг кўп зарар ва фойда кўрган корхоналар рўйхати эълон қилинди. Рўйхатда «Ўзбеккўмир» АЖ йилни 182 млрд сўм зарар билан якунлагани келтирилган. Kun.uz мазкур ҳолат сабабларига аниқлик киритиш мақсадида Энергетика вазирлиги билан боғланди.

Вазирликнинг маълум қилишича, ўтган йили корхонанинг 18 млн доллар миқдорида зарар кўришига иккита асосий сабаб мавжуд. 

«Биринчидан, 2020 йилнинг 1 январ ҳолатига кўра, валюта кредитлари бўйича асосий қарз қолдиғи 92,3 миллион АҚШ долларини ташкил қилган. Доллар курси ошиши натижасида 2021 йилнинг 1 январ ҳолатига кўра, 102,2 миллиард миқдорида курс бўйича фарқ юзага келди.

Иккинчидан, коронавирус пандемияси сабабли 2020 йилнинг I ярим йиллигида саноат корхоналари томонидан электр энергияси истеъмоли кескин пасайиб кетиши кузатилди. Бунинг натижасида иссиқлик электр станциялари, хусусан, «Янги Ангрен ИЭС» ва «Ангрен ИЭС» АЖ томонидан кўмирга бўлган эҳтиёж кескин пасайиб кетди.

Натижада прогноз қилинган 4,3 миллион тонна атрофидаги маҳсулотни сотиш бўйича режа бажарилмаган. Амалда 3,9 миллион тонна маҳсулот сотилган ва шунинг учун 81,6 миллиард сўм миқдорида фойда олинмай қолган», дейилади манба хабарида.

«Янги Ангрен ИЭС» ва «Ангрен ИЭС» АЖ корхоналаридаги ишлаб чиқаришда кўмир муҳим ўрин тутади. Уларда кўмирга бўлган талабнинг пасайиши ушбу маҳсулотни ишлаб чиқариш ҳажмига кескин таъсир қилиши мумкин.

Маълумот учун, «Ўзбеккўмир» АЖ томонидан 2021 йилнинг 1-чорагида кўмир қазиб олиш 1 миллион 351 минг 700 тоннани ташкил қилди. Ўтган 4 ой давомида истеъмолчиларга 1 миллион 655 минг тонна кўмир етказиб берилган.

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид