Ўзбекистон | 10:19 / 20.05.2021
15615
5 дақиқада ўқилади

Депутатни тинтув қилиш ноқонуний — Адлия вазирлиги

Адлия вазирлиги халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгаши сессиясида содир бўлган ҳолатга муносабат билдирди. Вазирлик расмий баёнотида келтирилишича, сессияга телефон ва овозли видеога олувчи мосламаларни олиб кириши тақиқлангани ҳамда айрим депутатлар тинтув қилингани қонунга зиддир.

17 май куни Халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгашининг навбатдаги сессиясида бир гуруҳ депутатлар тинтув қилинган эди. Сессияда шаҳар ҳокимининг ноқонуний қарорларига қарши чиқаётган ва Андижон шаҳар прокурорини аттестациядан ўтказишни талаб қилган депутат Шуҳратбек Каримовни дахлсизлик ҳуқуқдан маҳрум қилиш масаласи муҳокама қилинган.

Адлия вазирлиги “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги қонунга кўра, ҳар бир депутатга ўз ваколатларини монеликсиз ҳамда самарали амалга ошириши учун шарт-шароит кафолатланиши, унинг ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қиммати муҳофаза қилиниши, депутатнинг шаъни ва қадр-қимматига тажовуз қилган шахслар қонунга мувофиқ маъмурий, жиноий ёки ўзга тарзда жавобгар бўлиши, депутатлик ваколатларини амалга оширишига тўсқинлик қилиш мақсадида депутатга қандай тарзда бўлмасин таъсир кўрсатишга йўл қўйилмаслиги, депутат олдидаги ўз вазифаларини бажармайдиган, унинг ишига тўсқинлик қиладиган, била туриб унга ёлғон ахборот берадиган, депутат фаолиятининг кафолатларини бузадиган мансабдор шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлишини эслатган.

Шунингдек, вазирлик баёнотида Сенат кенгашининг 2010 йил 30 декабрдаги қарори билан тасдиқланган халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгаши намунавий регламентига мувофиқ сессия ўтказиладиган вақт, сана ва жой ҳамда кун тартиби кенгаш депутатлари эътиборига сессия очилишидан камида етти кун олдин етказилиши, депутатларга танишиб чиқиш учун ҳужжатлар юборилиши, сессиялар очиқ, ошкора ўтказилиши ва оммавий ахборот воситалари томонидан ёритилиши, зарур ҳолларда кенгаш ёпиқ сессия ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиниши мумкинлиги таъкидланади.

«Бироқ мазкур кенгаш сессиясида депутатларнинг дахлсизлиги бузилиб, телефон ва овозли видеога олувчи мосламаларни олиб кириши тақиқланган ҳамда айрим депутатлар тинтув қилинган.

Мазкур ҳолат бўйича адлия органлари томонидан халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашига ҳамда Миллий гвардия Андижон вилоят Қўриқлаш бошқармасига тақдимномалар киритилди. Унда, келгусида бундай қонунбузилишларга йўл қўйилмаслиги ҳамда айбдор шахсларга нисбатан чора кўриш сўралган.

Шу ўринда, адлия органларининг бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномаларини бажармаслик, шу жумладан ўз вақтида ёки тўлиқ бажармаслик учун маъмурий жавобгарлик белгиланганини эслатиб ўтамиз», дейилади Адлия вазирлиги баёнотида.

Мазкур ҳолат юзасидан ваколатли органлар ҳамда депутатлар салбий фикр билдириб, воқеа ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Андижон шаҳар кенгашининг сессиясида бир гуруҳ депутатлар тинтувдан ўтказилганига муносабат билдириб, прокурорнинг бундай ҳаракатини «оқлаб бўлмаслиги»ни, у биринчи навбатда коррупция ҳолати ҳақида хабар берган шахсни ҳимоя қилиши кераклигини таъкидлади.

Миллий гвардия маълумотларига кўра, Андижон шаҳар ҳокими топшириғига асосан сессия иши бошлангунга қадар Андижон шаҳар ИИБ, шаҳар прокуратураси ва ҳокимлигидан ажратилган масъул ходимлар кузатуви остида қўриқлаш ходими томонидан ташриф буюрган сессия қатнашувчилари металлодетектор ёрдамида кўрикдан ўтказилган ва уяли алоқа ҳамда овозли видеога олувчи воситаларини қолдириб киришлари талаб қилинган.

Мазкур ҳолат Сенатнинг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятига кўмаклашувчи комиссияси томонидан назоратга олинган.

Kun.uz мухбири билан суҳбатда депутат Жаҳонгир Жиянов прокуратуранинг сессия кун тартибига масала киритишга қонуний ваколати йўқлиги, сессияда кучишлатар тузилмалар вакиллари иштирок этиши, депутатларнинг сессияга киришдан олдин тинтув қилиниши мумкин эмаслигини таъкидлаган бўлса, дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилинган депутат Шуҳратбек Каримов сессия тўлиқ шаҳар ҳокимининг сценарийси асосида ўтганини маълум қилган эди.

Мавзуга оид

Эълонлар

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Octobank'нинг 2025 йилдаги дастлабки натижалари: жадал ўсиш ва халқаро миқёсдаги эътироф

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Octobank'нинг 2025 йилдаги дастлабки натижалари: жадал ўсиш ва халқаро миқёсдаги эътироф

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Octobank'нинг 2025 йилдаги дастлабки натижалари: жадал ўсиш ва халқаро миқёсдаги эътироф

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти